Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Четлатишлар, пеналти ва омадсизлик. Ўзбекистон ўртоқлик учрашувида Сурияга мағлуб бўлди
Бирлашган Араб Амирликларидаги йиғин доирасида Сурия миллий жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказган Ўзбекистон миллий жамоаси мағлубиятга учради.
Етакчи легионерларимиз чақирилмаган йиғиндаги дастлабки баҳс меҳмонларнинг ҳужумлари остида бошланиб, 10-дақиқадаёқ ҳимоячи Ҳожиакбар Алижонов рақиб ҳужумчисини тўхтатиб қолгани учун қизил карточкага лойиқ кўрилди.
Вакилларимиз ўйин бошидаёқ бир киши кам бўлиб қолгач, Вадим Абрамов шогирдлари ўйинни ташкил этишда қийинчиликка дуч келишди. Иккинчи бўлимнинг 47-дақиқасида қарши ҳужумга ўтган сурияликлар Ал Маваснинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди – 1:0.
Орадан 10 дақиқа ўтиб, рақиблар сафидаги Юсуф Ал Ҳамви қўполлиги учун майдондан четлатилгач, томонлар сон жиҳатдан майдонда тенг қолишди. Шунга қарамай, 59-дақиқада ҳимоячи Игор Голбан рақиб ҳужумчисини тўхтатиб қолгани учун дарвозамиз сари 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди. Ал Маваснинг зарбасини дарвозабон Абдувоҳид Неъматов қайтариб қолди.
Ўйиннинг қолган дақиқаларида бош мураббий Абрамов таркибда бир қатор ўзгаришлар киритиб, вакилларимизда ҳисобни тенглаштириш учун бир қатор вазиятлар яратилганди. Аммо гоҳида дарвоза тўсини ва устуни, гоҳида эса рақиб посбони Сурияни голдан қутқариб қолди. Якунда мағлубиятдан қутулишнинг иложи топилмади – 0:1.
Ўзбекистон миллий жамоаси навбатдаги ўртоқлик учрашувини 17 ноябр куни Ироққа қарши ўтказишади.
Ўртоқлик учрашуви.
12 ноябр (пайшанба)
Ўртоқлик учрашуви. БАА, Шаржа.
Сурия - Ўзбекистон - 1:0
Гол: Маҳмуд Ал Мавас 47.
Сурия: 1.Иброҳим Аъла, 2.Юсуф Ал Ҳамвий, 3.Моуад Алажа, 4.Фарис Ал Арнаут, 5.Умар Ал Мидани, 6.Камол Ҳамеишоҳ, 7.Аиас Усмон, 10.Маҳмуд Ал Мавас, 12.Муҳаммад Усмон, 16.Моҳир Даабул, 21.Аъла Эдин Дали.
Захира: 23.Аҳмад Маданиёҳ, 8.Вард Ал Салом, 9.Симон Амин, 11.Муҳаммад Ал Мамур, 13.Тхаер Крума, 14.Юсуф Муҳаммад, 15.Муҳаммад Анез, 17.Холид Курдўғли, 18.Муҳаммад Риҳаниёҳ, 19.Абдулраззоқ Ал Муҳаммад, 20.Мардик Мардикён.
Ўзбекистон: 12.Абдувоҳид Неъматов, 2.Ислом Қобилов, 3.Ҳожиакбар Алижонов, 6.Азизжон Ғаниев, 8.Ойбек Бозоров (17.Достонбек Ҳамдамов, 60), 10.Жалолиддин Машарипов (18.Ҳожимат Эркинов, 60), 18.Лутфулла Тўраев (13.Санжар Қодирқулов, 82), 19.Бобур Абдухолиқов (11.Темурхўжа Абдухолиқов, 76), 21.Игор Голбан (15.Мурод Холмуҳаммедов, 67), 22.Жамшид Искандеров (9.Аброр Исмоилов, 67), 23.Иброҳимхалил Йўлдошев.
Огоҳлантиришлар: Лутфулла Тўраев 11, Исломжон Қобилов 65, Мурод Холмуҳаммедов 80.
Четлатишлар: Юсуф Ал Ҳамви 57 - Ҳожиакбар Алижонов 10.