Ўзбекистон | 16:31 / 12.11.2020
10706
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳрида гастрономик кўча очилди. У ерда дунёнинг 30га яқин мамлакати таомлари тайёрланмоқда

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Самарқанд шаҳрининг Орзу Маҳмудов кўчасида гастрономик туризмни ривожлантириш бўйича махсус ҳудуд ташкил қилинди.

Айни пайтда кўчада дунёнинг 30га яқин мамлакати таомлари тайёрланмоқда. Хусусан, ҳудудда Франция, Италия, АҚШ, Буюк Британия, Япония мамлакатлари, шунингдек, уйғур таомларини пиширишга ихтисослашган овқатланиш объектлари очилган.

Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш департаменти директори Дилшод Нарзиқуловнинг айтишича, кўча турли халқлар таомлари тайёрланиши билан бирга, ўзига хос дизайн, қизғин тадбирлари билан ҳам аҳоли ва сайёҳларни ўзига жалб этади.

Дилшод Нарзиқулов

«Ҳозирда гастрономик кўчамиз фаолиятини тўлиқ бошлади. Орзу Маҳмудов кўчасида жойлашган ушбу ҳудуд қурилишининг биринчи босқичи якунига етди. Бунда асосий эътибор турли хил мамлакатларнинг таомларини пиширадиган ошхоналар, овқатланиш обьектларига қаратилди. Ушбу иншоотлар кўчанинг икки ёнида жойлашган. У ерга тадбиркорлик субьектлари жалб қилинди. Қўшимча равишда очиқ осмон остидаги павильонлар барпо этилди.

Гастрономик кўча лойиҳасининг иккинчи босқичида ҳудуд жозибадорлигини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Масалан, тематик деталлар жойлаштириш ишларини бошладик. Бунда ҳудудга ҳайкаллар жойлаштириш, таомларнинг махсус менюларини нархлари билан ўрнатиш ишлари олиб бориляпти. Бу чет эл мамлакатларида жуда яхши ривожланган. Ташқи фасадни ёритиш бўйича ҳам ишлар давом этмоқда. Иккинчи босқич ҳам ниҳоясига етса, у ерда аҳолимиз ва сайёҳлар учун ҳафталик тадбирлар уюштирилади. Масалан, рассомлар ҳафталигида суратлар кўргазмаси бўлади. Ҳафталик давомида театрларимиз репертуарлари билан иштирок этиши мумкин. Шу каби тематик тадбирлар билан фуқароларимиз ва сайёҳларни кўчага жалб қилишни мақсад қилганмиз», деди департамент директори.

Маълум қилинишича, кўчанинг узунлиги 850 метрдан иборат. Ҳудудда 200га яқин иш ўрни яратилган.

Айни пайтда гастрономик кўчада 3та умумий овқатланиш шохобчаси ҳам ҳалол стандарти асосида фаолият юритмоқда. Ҳудуднинг кириш қисмида «ретро» услубида 2та кўприк қурилган. Пиёдалар юриш йўлаклари гранит тошлар билан қопланиб, замонавий услубдаги 45 дона тунги ёритиш мосламалари ўрнатилган.

Мавзуга оид