Ўзбекистон | 15:38 / 12.11.2020
16940
2 дақиқада ўқилади

«Ёшларнинг 90 дақиқа вақтини беҳуда ўғирламаслик керак» — Абдуҳакимов ОТМ ўқитувчилари ҳақида

«20 минут йўқлов қилади, 20 минут ўзининг оилавий муаммоларини гапириб беради, кейин охирида олди-қочди 4-5та гап билан дарс вақти тугайди, чиқиб кетади. Ўқитувчи Туризм университетида шундай қила олмайди».

Спорт ва туризм соҳалари ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг илдизи таълимга бориб тақалади, деб ҳисоблайди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Туризм қўмитаси раиси 11 ноябрь куни вилоят ҳокимларининг туризм ва спорт соҳаларига масъул ўринбосарлари учун бошланган семинар вақтида шу ҳақда гапириб ўтган.

«Ҳозирги кунда олдимизда турган энг оғир ва долзарб масала – бу таълим. Иккала соҳада ҳам [туризм ва спорт] бу жуда катта муаммо.

Очиғини айтганда, ҳозирги ҳамма камчиликларимиз кадрлар етишмовчилигидан келиб чиқмоқда. Лекин «вой, энди қачон ривожланаркин», деб ўтириш ҳам нотўғри бўлади. Шу сабаб Самарқандда туризм университетини ташкил қилдик. Бундай инновацион ёндашув билан очилган университет Ўзбекистонда энди-энди пайдо бўляпти.

Таълим сифатини кафолатланган даражада таъминлаш учун IT технологияларидан фойдаланишимиз керак. Ўқитувчи дарсга кириб ёшларимизнинг 90 дақиқа вақтини беҳуда ўғирлаб, аудиториядан чиқиб кетиши керак эмас. 20 дақиқа йўқлов қилади, 20 дақиқа ўзининг оилавий муаммоларини гапириб беради, кейин охирида олди-қочди 4-5та гап билан дарс вақти тугайди, чиқиб кетади.

Ўқитувчи Туризм университетида шундай қила олмайди. Жараён тўлиқ онлайн шаклда кечади. Дарслар интернет орқали ҳам узатиб турилади, ҳам ёзиб олинади. Лекцияда нима гапирганини ҳамма кўриб туради. Дарсни сифатсиз ўтадиган бўлса, эртасига бориб уни жазолаймиз ёки ўқитувчи билан тузилган шартнома бекор қилинади. Ўқитсам ҳам, ўқитмасам ҳам бу ерда 100 йил юраман деган гап йўқ», – деди бош вазир ўринбосари.

Мавзуга оид