Бобур Акмалов муаллифлигидаги «KUN. MUNOSABAT» рукнининг навбатдаги сонида журналист Илёс Сафаров лотин–кирилл масаласига оид қарашлари билан ўртоқлашди.
«Ўз тарихида ўз ёзувини бизчалик кўп алмаштирган халқ бўлмаса керак. 1929 йилгача узоқ асрлар араб ёзувидан фойдаланганмиз. 1929 йилдан 1940 йилгача лотин алифбосига асосланган ёзувда иш юритилган. 1940 йилдан ҳозиргача кирилл ёзувидан фойдаланиб келамиз.
1993 йилда лотин алифбосига асосланган ёзувга ўтишга қарор қилдик, аммо шундан буён ҳам лотин, ҳам кирилл ёзувлари амалда.
1993 йил 2 сентябрда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси қонун билан тасдиқланган, бу қонунга 1995 йилда ўзгартишлар киритилганидан кейин, ўтган давр мобайнида бу масала фақат чўзилиб келяпти.

Бугун бутун дунёда жуда кўп давлатлар лотин ёзувидан фойдаланади ва ҳатто бошқа ёзувдан фойдаланадиган халқлар ҳам лотин ёзувини ўқий олади. Лотин ёзуви технология асрида тушунилиши қулай ёзув ҳисобланади. Компютерда матнни лотин ҳарфларида терганда, улар кирилл ёзувидан кўра камроқ жой эгаллайди. Яъни бу ҳар томонлама қулай.
1940 йилда ҳам совет тузуми ва идеологияси асосида мажбурий тарзда кирилл ёзувига ўтказдирилган эди ва бу ёзувда ўзбек тилига хос бўлмаган ь, ц, ы каби ҳарф ва товушлар пайдо бўлиб қолди. Кирилл ёзуви ўзбек халқи учун мустабидликни ифодалайдиган ёзув ҳисобланади.
Ҳозир лотин ёзувига тўлиқ ўтиш керак. Мен ҳозирга келиб бу қийин иш деб ўйламайман. 1993 йилда лотин ёзувига ўтиш бўйича қонун қабул қилинганидан кейин айрим хатоликлар кўзга ташланди: ОAВда лотин ёзувини оммалаштириш бўйича ишлар етарли даражада қилинмади, одамларга лотин ёзувини ўргатиш чоралари кўрилмади.
Энг асосийси, раҳбарлар ва мутасаддиларнинг: «Қаердан топшириқ чиқаркин, шунга қараб ҳаракат қиламан», – деган хаёли, «об-ҳавога қараб кийиниши» бу борада катта муаммоларни келтириб чиқарган.
Бизда ҳозир таълим тизимидаги муассасалар лотин ёзувига ўтиб бўлди. Матбуотда, масалан, «Маърифат» газетаси тўлиқ лотин ёзувига ўта олди. Бир қанча давлат идораларида аста-секин ҳужжатлар лотинчада тайёрланмоқда. Лотин ёзувига ўтиш жараёни пишиб етилган, деб ўйлайман. Эндиликда бунга фақатгина тезроқ революцион йўл билан ўтиш керак. Чунки биз эволюцион йўлни эплолмадик.














