Жаҳон | 23:46 / 13.11.2020
8902
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко муддатдан олдин лавозимидан кетмаслигини маълум қилди 

Беларус президенти Александр Лукашенко ҳокимиятни ўз ворисларига эмас, балки президент сайловлари ғолибига топширишга ваъда берди. Шу билан бирга, Лукашенко муддатдан олдин лавозимидан кетмаслигини айтди.

Фото: РИА Новости

Беларус раҳбари Россия, Украина, Молдова ва Қозоғистон ОАВ вакиллари билан учрашувда бу ҳақда маълум қилди ва ҳокимиятнинг транзити сценарийсини қўлламаслигини, яъни уни ўз ворисларига топширмоқчи эмаслигини таъкидлаб ўтди.

“Ҳеч қандай ворислар бўлмайди. Халқ кимни сайласа, шундай бўлади. Мен онт ичганман. Мен Беларус халқи қандай қарор қилса, шундай бўлишига ваъда берганман”, – деб айтган Лукашенко суҳбат давомида.

Беларус раҳбари ўзининг муддатдан олдин истеъфога кетиши эҳтимолини қатъиян рад этган. “Мен тўсатдан президент ваколатларимдан воз кечиб юбормайман”, – деб айтган Лукашенко Қозоғистоннинг “Хабар” агентлиги журналистининг тегишли саволига жавобан.

Беларус президенти Украинанинг “112.Украина” телеканали вакилининг Украина президенти Владимир Зеленский уни президент деб атамаслиги ҳақида айтган сўзларига украиналик ҳамкасби, авваламбор, ўзи ҳақида ўйлаб кўриши кераклигини айтган. “Унинг қўллаб-қувватланиши даражаси 70 фоиздан 22-30 фоизгача тушиб кетди. 1,5-2 йил ичида ўзига халқ томонидан ишончнинг шунчалик йўқолиши учун “устамон” бўлиш керак. Ким гапирса гапирсин, Зеленский оғзини очмасин”, – деб айтган Лукашенко. 

Беларус президентининг таъкидлашича, Беларус учун иқтисодиёт ва сиёсат масалаларида Россиядан бошқа муқобил вариант йўқ. “Қаерга боқма, Россиясиз бизга қийин бўлади”, – деб қўшимча қилган Лукашенко.

Беларус етакчиси президент сайловларидан кейин ўз ваколатлари билан бўлишишга тайёрлигини, бироқ буни кўча босими остида эмас, конституцияни ўзгартириш орқали амалга оширишини айтган. Унинг таъкидлашича, конституцияга ўзгартиришлар киритиш режаси 2021 йил бошида бўлиб ўтадиган Умумбеларус халқ йиғинида муҳокама қилинади.

Мавзуга оид