Жамият | 19:37 / 13.11.2020
14764
3 дақиқада ўқилади

Опа-сингил Дўлтаеваларга маъмурий қамоқ қўлланиши сабаблари маълум қилинди

Қарши шаҳрида яшовчи опа-сингил Дилафруз ва Дилсўз Дўлтаева вилоят ҳокимлиги биноси олдида жанжал кўтаришгани учун қамоққа олинган.

12 ноябр куни ижтимоий тармоқларда «Kun.uz’га интервю бергани учун уч суткага қамалди» сарлавҳали хабар тарқалди. Унда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшовчи Дилафруз Дўлтаева ва унинг синглиси Дилсўз Дўлтаева Қобил Дўсов ҳамда Халқ таълими вазирлиги ўртасидаги суд мажлисидан кейин Kun.uz’га интервю бергани учун Қашқадарёга чақирилиб уч суткага қамаб қўйилгани ҳақида гап кетади.

3 ноябр куни Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган суд мажлисидан сўнг Дилафруз Дўлтаева Kun.uz мухбирига интервю беради ва давлат ҳокимияти органлари ва халқ таълими тизими мансабдор шахсларига нисбатан жиддий айбловларни илгари суради. Бироқ унинг айтган гаплари асосли бўлмагани сабабли таҳририят томонидан интервюни эфирга чиқариш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилган. Шунингдек, суд мажлиси ҳақидаги хабарга ҳам унинг гаплари киритилмаган.

Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулова опа-сингилларга маъмурий қамоқ жазоси қўллангани юзасидан Kun.uz’га маълумот берди.

Унинг айтишича, 2020 йил 11 ноябр куни соат 20:00ларда Дилафруз ва Дилсўз Дўлтаева вилоят ҳокимлиги биносида ҳокимлик мутасаддилари томонидан қабул қилинади ҳамда уларнинг мурожаатлари эшитилади. Аммо улар шу ерда бақир-чақир қилиб, жанжал кўтариб, жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкиниб, тартиббузарлик қилишади. Хизмат вазифасини бажараётган ИИБ ходимлари томонидан ҳуқуқбузарликни тўхтатиш талаб қилинганида, улар ходимларга қаршилик кўрсатиб, жамоат тартибини бузиб, майда безорилик содир қилишади. Шу сабабли опа-сингилларга нисбатан Қарши шаҳар ИИБ томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, мазмунан кўриб чиқиш учун Қарши шаҳар маъмурий судига юборилади.  

Маъмурий суднинг 2020 йил 12 ноябрдаги қарори билан Дилафруз Дўлтаева –МЖтКнинг 41-моддаси, 183-моддаси ва 194-моддаси 2-қисмида, Дилсўз Дўлтаева эса Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси ва 194-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, ҳар иккисига ҳам 3 (уч) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мавзуга оид