Ўзбекистон | 07:56 / 13.11.2020
46815
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида «дамасчи»лардан кунлик улуш талаб қилган аёллар ушланди

2020 йил 9 ноябрь куни Тошкент вилояти Зангиота тумани “Эшонгузар” ҚФЙда яшовчи С.Н. ҳамда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Э.Ш. Давлат хавфсизлик хизматига ариза билан мурожаат қилган.

ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси хабарига кўра, улар ўзларининг “Дамас” русумли автоуловларида Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри бўйлаб қатновчи 18-йўналишда йўловчи ташиш учун лицензия олиб иш бошламоқчи бўлганларида, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар Ойдин бекатида бир неча шахслар уларга ушбу йўналишда фаолият олиб боришлари учун кунига 90 000 сўмдан 110 000 сўмгача (улуш) пул бериб туришлари лозимлиги, акс ҳолда уларнинг автоуловларига шикаст етказишлари мумкинлиги ҳамда тегишли давлат идоралари томонидан уларга нисбатан чоралар кўрилишини уюштиришларини айтиб, уларга тазйиқ ўтказганлигини маълум қилиб, ушбу шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ариза юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Ю.Б., Т.Н., Н.С., И.У. ҳамда А.А. олдиндан тил бириктириб, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри ҳудудида қатновчи 18-йўналиш бўйича йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга босим ўтказиб, кунига 90 000 сўмдан 110 000 сўмгача пул талаб қилаётганлари аниқланган.

Маълум бўлишича, улар талабларига бўйсунмаганларга автоуловларига шикаст етказишлари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Транспорт бошқармаси ходимларини жалб қилиб, рейдлар ташкиллаштириб, уларга фаолият билан шуғулланишга йўл қўймасликларини айтиб қўрқитганлар.

ДХХ, Транспорт прокуратураси, Тошкент транспорт прокуратураси ҳамда ИИВ Транспортда ХТББ ходимлари томонидан холислар иштирокида Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри Ойдин бекатида ўтказилган тезкор тадбир давомида ариза муаллифи С.Н. ҳамда Э.Ш.дан 1958 йилда туғилган, Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар Қўрғон кўчасида яшовчи Т.Н. ва 1993 йилда туғилган, Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Хонобод кўчасида яшовчи Н.С. Олмалиқ шаҳри ичидаги 18-йўналиш бўйича йўловчи ташиш учун бир кунлик 120 000 сўм ҳамда 90 000 сўм миқдордаги пулларни олган вақтида ушланди.

Ушбу ҳолат юзасидан шу йил 10 ноябр куни Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисм “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади маълумотда. 

Мавзуга оид