Жаҳон | 20:56 / 14.11.2020
13511
2 дақиқада ўқилади

Арманистон МХХ собиқ раҳбари ҳибсга олинди

Артур Ванецян 14 ноябр куни МХХ тергов департаментига чақирилган ва ҳибсга олинган.

Фото: EPA-EFE/HAYK BAGHDASARYAN/PHOTOLURE

Арманистон миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Артур Ванецян мамлакат бош вазири Никол Пашинянни ўлдиришга тайёргарлик кўрганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда унинг адвокати Лусине Саакян маълум қилди.

 Унинг сўзларига кўра, Ванецян 14 ноябр куни МХХ тергов департаментига чақирилган ва ҳибсга олинган. Хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари шунингдек, ҳокимиятни эгаллаб олиш, ноқонуний равишда қуролга эга бўлиш ва сақлашда гумон қилинмоқда.

«Буларнинг барини ҳуқуқий жиҳатдан изоҳлашнинг имкони йўқ. Бу ҳокимиятни сақлаб қолишга қаратилган шармандали сиёсий таъқиб, давлатга қарши дастурларни охирига етказишдир», — деб таъкидлади Саакян.

 Ереванда бир неча кундан буён Тоғли Қорабоғ бўйича тинчлик келишуви имзолагани учун Пашиняннинг истеъфоси талаб қилинган норозилик акциялари бўлиб ўтмоқда. Маълум қилинишича, ушбу акцияларда Ванецян ҳам иштирок этган.

Россия, Арманистон ва Озарбойжон раҳбарлари 9 ноябр куни Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишув имзолаганди.

Мавзуга оид