Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда қурилиш-таъмирлаш ишларига 183,1 млрд сўм маблағ ажратилди
2020 йилнинг 10 январида «2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига асосан, Қашқадарё вилоятида жорий йилнинг ўзида 62 та иншоотларга, жами 183,1 млрд сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Ушбу иншоотларнинг 31 таси умумтаълим мактаблари, 17 таси соғлиқни сақлаш ва 14 та бошқа соҳалар ҳиссасига тўғри келади.
Жорий йилнинг ўтган даврида 177,9 млрд сўмлик қурилиш-тиклаш ишлари амалга оширилди. 47 та, хусусан, 30 та умумтаълим мактаблари, 9 та соғлиқни сақлаш муассасаси ва 8 та бошқа иншоот фойдаланишга топширилди. Қолган 15 та иншоотдан 4 таси 2021 йилга ўтувчи бўлса, 11 та иншоот жорий йилнинг охирига қадар фойдаланишга топширилади.
Давлат раҳбарининг 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 4 апрелдаги раёсат баёнига асосан 2020 йилда қўшимча равишда Қашқадарё вилоятида 14 та (1 та янги, 12 та реконструкция ва 1 капитал таъмир) умумтаълим мактабларига 42,5 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланди. Ҳозирга қадар 37,4 млрд сўмлик қурилиш-тиклаш ишлари бажариб бўлинди. 3 та мактаб фойдаланишга топширилди. Қолган 11 та мактаб жорий йилнинг охирига қадар фойдаланишга топширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги мажлис баёнига асосан мазкур йилда қўшимча равишда вилоятда 19 та (8 та умумтаълим мактаби, 3 та мактабгача таълим муассасаси ва 8 та соғлиқни сақлаш) иншоотга 17,3 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Шу вақтга қадар 10,8 млрд сўмлик қурилиш-тиклаш ишлари амалга оширилди. Қолган иншоотлар жорий йилнинг охирига қадар фойдаланишга топширилади.
Маҳаллий бюджет ва бошқа манбалар ҳисобидан 16 та иншоотда қурилиш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Қарши шаҳрида ва Деҳқонобод туманида «Касб-ҳунарга ўқитиш мона маркази» биноларини мукаммал таъмирлаш, Деҳқонобод ва Нишон туманларида «Давлат хизматлари маркази» маъмурий бинолари қурилиши, Қарши шаҳридаги журналистлар уйи биносини капитал таъмирлаш, «Баркамол авлод» биносини Республика болалар ижтимоий мослашув марказига мослаштириб капитал таъмирлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиали, Қарши шаҳридаги 500 минг жилдга мўлжалланган вилоят кутубхонаси, «Мебеллар уйи» МЧЖ биносини Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси биносига мослаб таъмирлаш, Ёшлар маркази кенгаш биносини реконструкция қилиш, Қарши туманидаги Абул-Муъин Ан-Насафий мажмуаси ҳудудини ободонлаштириш ҳамда Қарши шаҳридаги Алишер Навоий кўчасида 3,78 км, Олимлар кўчасида 0,723 км, «Ойдин» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳамда Насаф кўчасида 2,7 км йўлни капитал ва жорий таъмирлаш иншоотларига 115,0 млрд сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилганди. Шу кунга қадар 67,9 млрд сўмлик қурилиш-тиклаш ишлари бажарилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 майдаги инқирозга қарши курашиш республика йиғилишининг баёнига асосан, мавжуд ва ташкил этилаётган кичик саноат зоналарида 9 та ТП ўрнатиш, 17,06 км электр, 11,886 км газ ва 5,77 км сув тармоқлари қуриш, 5 та артезиан қудуқ қазиш ва 2 та сув сақлаш минораси қурилиш ишларига 13,7 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Бугунги кунда барча иншоотларда қурилиш-тиклаш ишлари бошлаб юборилган бўлиб, 5,6 млрд сўмлик қурилиш-тиклаш ишлари бажарилди. Йил якунига қадар ушбу иншоотлар ҳам фойдаланишга топширилади.
Қашқадарё вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси