Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Термизда халқаро савдо марказини ташкил этиш учун 20 миллион доллар берилади
«Термиз» эркин иқтисодий зонаси негизида ишлаб чиқарувчилар, экспорт қилувчилар ва харидорлар учун сақлаш, транспорт ва бошқа замонавий хизматлар инфратузилмаси ташкил этилади. Хусусан, ЭИЗ ҳудудини қисқартириш ҳисобига «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо маркази ҳамда уни бошқарувчи дирекция иш бошлайди.
Ўзбекистон президентининг 12 ноябрдаги тегишли фармони билан Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятида ўзгариш бўлиши маълум қилинди.
Фармонда таъкидланишича, «Термиз» эркин иқтисодий зонаси негизида ишлаб чиқарувчилар, экспорт қилувчилар ва харидорлар учун сақлаш, транспорт ва бошқа замонавий хизматлар инфратузилмасини ташкил этиш тўғрисидаги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг таклифига розилик берилган. Хусусан, ЭИЗ ҳудудини қисқартириш ҳисобига тегишли инфратузилма объектлари билан таъминланган «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо маркази ҳамда уни бошқарувчи дирекция ташкил этилади.
Маълум қилинишича, устав фондидаги 100 фоиз улуш ДХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитасига тегишли «Termiz Cargo Centre» масъулияти чекланган жамият «Термиз халқаро савдо маркази» иштирокчилари реестрига ўрнатилган тартибда киритилади. Мазкур марказ фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш дастурини тасдиқлаш, шунингдек, товарларни олиб кириш, олиб чиқиш, тегишли божхона режимларини расмийлаштириш, маҳсулотларни реализация қилиш билан боғлиқ тартибни назарда тутувчи ҳукумат қарори бир ой муддатда қабул қилинади.
Афғонистон Ислом Республикаси фуқаролари ва ушбу давлат ҳудудидан кирувчи бошқа мамлакат фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар учун, истисно тариқасида, Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирмасдан, 10 кун давомида марказ ҳудудига кириш, унда бўлиш ва чиқиш тартиби жорий этилади. Халқаро савдо марказида фаолият юритувчи тадбиркорлар томонидан чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга реализация қилинадиган ҳамда Афғонистонга олиб чиқиладиган товар ва хизматлар экспортга тенглаштирилади.
Ушбу марказда чет эл товарлари «эркин божхона зонаси» божхона режимига расмийлаштириш орқали жойлаштирилади ҳамда, истисно тариқасида, ушбу товарлар билан чакана савдо операцияларини амалга оширишга рухсат берилади.
Марказ қурилиши учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 20 миллион долларга тенг миқдорда кредит ажратилади. Жамғарма кредит маблағлари Сурхондарё вилояти ҳокимлигига 3 йил муддатга, жумладан 1 йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, йиллик фоиз ставкаси 6 ойлик LIBOR+2 фоизда объектлар қурилиш-монтаж ишларини бажариш ҳамда зарур инфратузилмани барпо этишга Маъмурий кенгашлар томонидан тасдиқланадиган манзалли рўйхатларга асосан ажратилади. Кредит маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши, пулларнинг ўз вақтида қайтарилиши учун вилоят ҳокими шахсан масъул этиб белгиланди.
Мавзуга оид
14:04 / 11.06.2026
Тошкент–Андижон ва Тошкент–Термиз йўналишларида юқори тезликдаги поездлар қатнови режа қилинмоқда
17:03 / 23.05.2026
Термизда қурувчига 217 туп дарахтни кесиб ташлашда ёрдамлашган собиқ мансабдор жазога тортилди
08:34 / 16.04.2026
Сурхондарёда мансабдорнинг пул талаб қилиш режаси фош этилди
14:30 / 18.03.2026