Жаҳон | 23:02 / 15.11.2020
21573
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Арманистонга қўшинларини олиб чиқиш муддатини узайтириб берди

Фото: РИА Новости

Арманистон Россия орқали Озарбойжонга мурожаат қилиб, Бокудан Келбажар туманидан қўшинларни олиб чиқиш муддатини узайтириб беришни илтимос қилди. Таъкидланишича, Боку бунга рози бўлган ва Ереванга қўшинларини олиб чиқиш учун 10 кун муҳлат берган. Бу ҳақда Озарбойжон президенти ёрдамчиси Ҳикмат Гажиев маълум қилди

Арманистон Тоғли Қорабоғдаги ихтилофни тўхтатиш бўйича Озарбойжон ва Россия билан имзоланган баёнотга кўра, Келбажар, Лочин ва Ағдам туманларини Озарбойжонга 1 декабргача бўшатиб бериши керак.

Жумладан, Арманистон Келбажардан ўз қўшинларини 15 ноябргача олиб чиқиши керак эди. Гажиевнинг таъкидлашича, ушбу туманнинг Озарбойжонга топширилиши 15 ноябрдан 25 ноябрга кўчирилди. Боку бунга “инсонпарварлик нуқтаи назаридан” розилик берган.

Ушбу қарор Арманистонда юзага келган муаммолар сабабли қабул қилинган. Жумладан, Ереван дуч келган муаммолардан бири Келбажардан Арманистонга фақат бир йўл борлиги ва унинг ўтказиш қобилияти пастлиги билан боғланган. Бундан ташқари, ушбу ҳудудда ҳозирда мураккаб об-ҳаво шароити кузатилмоқда. 

“Келбажардан Арманистонга олиб борувчи ягона йўлнинг юкланганлиги ва об-ҳаво шароитларини инобатга олиб, Озарбойжон Арманистоннинг илтимосига рози бўлди”, деб айтган Гажиев.

Арманистон келишувга кўра, 20 ноябргача Ағдам тумани ва Газах туманидаги ҳудудларни, 1 декабргача эса Лочин туманини бўшатиб бериши керак. Озарбойжон президенти ёрдамчисининг таъкидлашича, бу туманлар топширилиши муддатлари ўзгаришсиз қолган.

Мавзуга оид