Жаҳон | 09:10 / 15.11.2020
56307
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда президент лавозимига рекорд сонда номзод рўйхатга олинди

Қирғизистонда президент лавозимига номзодларни рўйхатга олиш якунланди. Марказий сайлов комиссиясига муддатдан олдин президент сайловларида иштирок этиш истагини билдирган 64 номзод ариза топширган ва улардан 62 нафари рўйхатга олинган. Бу мамлакат учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади.    

Фото: RFE/RL

“Номзодлардан ариза қабул қилиш якунланди. Марказий сайлов комиссиясига 64та ариза тушди. Иккита ариза қайтариб олинди”, деб маълум қилинган комиссияда.

Номзодлар орасида 14 ноябрда президент ваколатларидан воз кечган ва бош вазир мажбуриятларини бажаришни тўхтатган Садир Жапаров, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Абдил Сегизбаев, мухолиф партия “Бутун Қирғизистон” етакчиси Адахан Мадумаров, парламентнинг собиқ спикери Канат Исаев, собиқ ички ишлар вазири Курсан Асанов бор.    

Маълумотларга кўра, аввалги рекорд кўрсаткич 2017 йилда ўрнатилган. Ўшанда 59 номзод президент сайловларида иштирок этиш учун ариза топширган. Улардан фақат 13 нафаригина якуний босқичга ўта олган, қолган номзодлар етарлича имзо тўплай олмаган ёки сайлов бадалини кирита олмаган. Баъзи номзодлар эса давлат тили бўйича тестдан ўта олмаган, яна кимдир ўз номзодини қайтариб олган.  

Жорий йилда ҳам номзодлар сони шу тарзда қисқариши кутилмоқда. 7 декабргача номзодлар 1 млн қирғиз соми (11,7 минг доллар) миқдорида сайлов бадалини тўлашлари, ўз қўллаб-қувватловига 30 минг фуқаро имзосини тўплашлари ҳамда қирғиз тилини билишга тест топширишлари керак. 

Қирғизистон президенти сайловлари 2021 йил 10 январга белгиланган. Президент 6 йилга бир муддатга сайланади. Қирғизистон президенти лавозимига хорижий давлат фуқаролигига эга бўлмаган, 35 ёшдан катта ва 70 ёшдан кичик, қирғиз тилини биладиган ва республикада умумий ҳисобда 15 йилдан кўпроқ яшаган фуқаро сайланиши мумкин.    

Мавзуга оид