09:45 / 15.11.2020
3959

ЮНИСЕФ 2 миллиард доза вакцина сотиб олишга тендер эълон қилди 

БМТнинг Болалар жамғармаси ЮНИСЕФ Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда 2021 йилда коронавирусга қарши 2 млрд доза вакцина сотиб олишга тендер эълон қилди. Вакциналар 186та давлатни бирлаштирувчи COVAX дастури доирасида тақсимланади. 

Фото: Оксфорд университети /John Cairns

Вакцинани катта ҳажмда ишлаб чиқара олувчи компанияларга 6 ҳафта ичида тендерда иштирок этиш учун ариза топшириш таклиф қилинган. Тендердан мақсад вакцинани адолатли тақсимлаш тамойили асосида COVAX дастурида иштирок этувчи давлатларни иложи борича тезроқ сифатли вакцина билан таъминлаш ҳисобланади. Бу давлатлардан 82таси паст даромадли давлатлар бўлиб, улар вакцина сотиб олишда молиявий кўмак олади.

ЮНИСЕФда таъкидланишича, пандемиянинг йирик кўлами вакциналарни сотиб олиш ва тақсимлашда янги ёндашувни талаб қилади.

БМТда вакцинанинг ҳамма давлатлар орасида адолатли тақсимланиши зарурлиги бир неча маротаба таъкидлаб ўтилган ва “вакцина миллатчилиги”, яъни давлатларнинг ўз фуқароларини вакцина билан таъминлаш учун компаниялар билан олдиндан битимлар тузиши хавфидан огоҳлантирилган.

Ўз навбатида, ЖССТда вакцина биринчи навбатда энг заиф давлатлар ва аҳоли гуруҳлари, жумладан тиббий ходимлар, кекса ёшлилар ва сурункали касалликларга эга кишиларга тақдим қилиниши керак, деб ҳисобланмоқда. 

Top