Ўзбекистон | 21:53 / 16.11.2020
14515
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда давлат буюртмалари хусусий компанияларга тендерсиз берилгани маълум бўлди

Тошкент шаҳридаги давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар буюртмачиси, Тошкент шаҳри ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси шаҳардаги йирик қурилиш объектларини тажрибасиз хусусий қурилиш компанияларига тендерсиз топшираётгани маълум бўлди.

Davletovuz канали муаллифи очиқ манбаларга асосланган ҳолда ушбу компания томонидан пойтахтда турли иншоотларни қуриш, инфратузилма йўл ва коммунал тармоқлар барпо этиш, таъмирлаш каби буюртмалар тўғридан тўғри, асосан ҳукумат ҳужжатлари билан хусусий компанияларга тақдим этилгани ҳақида ёзди. 

Келтирилган жадвалда давлат харидлари порталида жойлаштирилган, шартнома қиймати қарийб 1,5 трлн сўмлик буюртмалар қайси компанияларга берилгани ҳақида маълумот тақдим этилган. 

Хусусан, «Power Construction Planet» МЧЖ (аввалги номи Discovery Invest) компанияси (компаниянинг 66,9 фоиз улушига муқаддам Akfa Engineering Management компаниясида директор ўринбосари ва директор лавозимларида ишлаган Исмоил Исроилов эгалик қилади) билан Архитектура институтининг учта биносини қуриш учун жами 167 млрд сўмлик, Давлат солиқ қўмитаси биносини капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 35,6 млрд сўмлик, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Мирзо Улуғбек тумани бўлими биносини қуриш ва жиҳозлаш учун 17,9 млрд сўмлик, Рақамли Тошкент ситуацион марказини қуриш учун 100,2 млрд сўмлик, Зангиота туманида ихтисослаштирилган 2160 ўринли карантин зонасини қуриш учун 39,2 млрд сўмлик шартномалар тузилган.

Шунингдек, 2020 йилнинг майига қадар Исмоил Исроилов 40 фоизлик улушига эгалик қилган, ҳозирда 82,40 фоиз улуши Нодиржон Асатовга тегишли бўлган «ECO HOUSE-GROUP» МЧЖ (аввалги номи Whitecity Construction) билан Мирзо Улуғбек туманидаги Геология фанлари университети бино ва иншоотларини қуриш ҳамда таъмирлаш учун 357,6 млрд сўмлик, Сергели тумани Ўзар кўчасида қурилаётган 46та кўп квартирали уйларнинг ички муҳандислик тармоқларини қуриш ва ҳудудларни ободонлаштириш учун 22,7 млрд сўмлик, Талабалар шаҳарчасида ОТМ ўқитувчи, илмий ходимлари учун 6та кўп қаватли уйларнинг ички муҳандислик тармоқларини қуриш ва ҳудудни ободонлаштириш учун 6,4 млрд сўмлик шартномалар имзоланган.

«Суммалар асосан шартнома қийматига тааллуқли бўлиб, якуний миқдори бажарилган ишлар бўйича кўп ёки кам бўлиши ҳам мумкин.

Айрим шартномаларда манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли ҳам кўринади, буёғи энди мутасадди идораларнинг иши. Аксарият компаниялар сўнгги 2-3 йилда ташкил топган. Шундай бўлса-да, йирик-йирик объектлар уларга ишониб, тендерсиз топширилган. Маблағлар асосан республика бюджети, шаҳарнинг режадан ошган қисмидан жалб қилиниши белгиланган», дейилади постда.

Мавзуга оид