Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Профессионал таълим муассасаларига кириш учун бериладиган имтиёзлар ва грант ўринлари ҳақида маълумот берилди
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Мелибоев профессионал таълим муассасаларига кириш учун бериладиган имтиёзлар ва грант ўринлари ҳақида маълумот берди, – деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистоннинг профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида имтиёз ва грантлар масаласига ҳам аниқлик киритиб кетилган.
«Бунда касб-ҳунар мактабларига ижтимоий ҳимоя реестрига кирган 9-синф ўқувчилари қабул қилинади.
Шунингдек, идоравий коллежларга жами 17 минг 762 нафар грант ўринлари белгиланган. Техникумларга эса 9 минг 199 грант ўрин», – деди вазирлик мутасаддиси 16 ноябр куни ўтказилган матбуот анжуманида.
Азиз Мелибоевнинг қўшимча қилишича, профессионал таълим муассасаларига қабул бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари учун ҳам алоҳида квоталар ажратилиши белгилаб берилган.
«Унга кўра, тест синовлари ўтгандан кейин онлайн қабул қилинган ҳужжатлар орқали абитуриентлар тўлдирган қўшимча маълумотлар билан ким бу имтиёзлардан фойдаланиши мумкинлигига аниқлик киритиб оламиз. Бунда боланинг меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзанди эканлиги инобатга олинади», – деди бошқарма бошлиғи.
Эслатиб ўтамиз, коллеж ва техникумларда контракт нархи 3,9 – 4,2 миллион сўм оралиғида.