Ўзбекистон | 23:35 / 17.11.2020
2806
2 дақиқада ўқилади

Словакия элчиси Самарқандда бўлиб, «Талабалар куни» тарихини эслади

Словакиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Ян Бори Самарқандга ташриф буюрди. Ташриф давомида элчи Самарқанддаги «Redbridge international school» хусусий мактабида бўлди.

Мазкур муассаса ўқувчилари Словакияда ўтказилган ўқувчилар ўртасидаги халқаро рассомчилик кўрик-танловида муваффақиятли иштирок этганди. Шу муносабат билан жаноб Ян Бори мактаб ўқувчиларига элчихонанинг совғаларини топшириш асносида муассасадаги ўқув жараёнига баҳо берди.

Тадбирдан сўнг, элчи Kun.uz мухбирига ўз таассуротларини сўзлаб берди:

«Мазкур мактабга таклиф этилганимдан хурсандман, албатта. Нега бу ерга олдинроқ келмаганман, ҳайронман. Биласизми, айнан бугун келганимнинг ҳам сабаби бор. Бу сана биз словаклар учун оғир ва шу билан бирга жуда муҳим. Чехославакия таркибида бўлган вақтимизда шу санада фашистлар Чехославакияни ишғол қилган.

Айнан шу санада фашистлар мамлакатимиздаги талаба ва ўқувчиларни концлагерларга ҳайдаган... Шу сабаб кейинчалик давлатимиз томонидан Жаҳон ёшлар ташкилотига 17 ноябрни талабалар куни сифатида нишонлаш таклиф этилган.

Бундан ташқари, 1968 йил 17 ноябр куни бизда талабалар коммунистик режимга қарши намойишларга чиққан. Ўшанда талабалар Чехославакияда коммунистик режимни тинч йўл билан ўзгартиришга ҳаракат қилганди. Аммо бу амалга ошмай қолган. Бир сўз билан айтганда, 17 ноябрнинг биз учун аҳамияти катта», деди Ян Бори.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид