Яқинда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида шунақа рейд бўлдики, ундан бехабар одам қолмади ҳисоб. Ахир куппа-кундузи бозорга одам ташиётган машиналарни кўчани тўсиб тўхтатишса ва уларни сал кам 5 миллион сўмдан жаримага тортишса, тумандаги бозорга чиққан ҳар бир одам бундан хабар топади-да!

Йўқ, бу муболаға эмас, 2020 йилда, Илон Маскнинг космик кемалари коинотга «кира қилаётган» вақтда Тойлоқда одамларни бозорга олиб бориб, рўзғор тебратаётган киракашларнинг йўлини тўсиб (!), карантинда силласи қуриган оилаларга фалон миллиондан жарима қўллашмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: ўша киракаш ҳафтада икки кун бозорга одам ташиб, рўзғорининг тешигини ямасинми, кимдир коронавирус юқтирган бўлса, унга дори ташисинми, молига отнинг калласидай қимматлаган ем олсинми, «ўта сезувчан» янги АСКУЭ ҳисоблаган светнинг қарзини тўласинми ёки қайсидир кабинетда ўтириб буйруқ берган раҳбарнинг касрига йиққан-терганини жаримага атасинми?

Ўша киракашларнинг йўлини тўсиб, жаримага солишни буюрган катта карантин одамларнинг белини букиб қўйганини, қассобхоналарда одамлар граммлаб гўшт олишга ўтганини, март ойидан буён миллионлаб ўзбекларнинг дарди қандай қилиб бўлса ҳам кунини ўтказиш бўлиб қолганини билармикин?

Аслида лицензиясиз йўловчи ташиш барча вилоятларда «гуллаб-яшнаган». Ҳамма шаҳарда рухсатномасиз йўналишсиз таксилар кўчаларни тўлдириб юради. Табиийки, уларнинг хизматидан кўпчилик фойдаланади. Афсуски, бу муаммонинг илдиз отишига сабаб бўлган омиллар, ҳайдовчилар нима сабабдан ноқонуний йўловчи ташиётгани ўрганилмаган кўринади. Самарқанд вилояти мисолида муаммони кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Вилоятда транспорт бошқармаси ходимлари томонидан сўнгги 10 ойда 2 864та ноқонуний йўловчи ташиш ҳолати аниқланиб, судларга юборилган. Фақат аниқланган ноқонуний йўловчи ташиш ҳолатлари соники минглаб экан, қанча одам рухсатсиз бу фаолият билан шуғулланишини тасаввур қилиб кўринг. Мутахассислар Самарқандда ноқонуний йўловчи ташувчилар сони 3000та атрофида деб баҳоламоқда.

Йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида вилоят транспорт бошқармаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан 718 марта қўшма рейдлар ўтказилган. Айнан ноқонуний йўловчи ташиш масаласида. Шунга қарамай, муаммо йўқолмаган. Демак, фақат рухсатсиз йўловчи ташиётганларни ушлаш ва жарима қилиш билан иш битмаётган, уларнинг сони камаймаётган экан, муаммо тизимнинг ўзида эмасмикин?

Йўловчи ташиш, умуман, транспорт тизимида ҳайдовчилар учун қандайдир ноқулайлик борки, улар «айланма йўллар»дан юришга мажбур. Ҳар ҳолда, минглаб ҳамюртларимизни қонунни бузишга мойил дейишга тил бормайди.