Иқтисодиёт | 10:46 / 18.11.2020
5114
2 дақиқада ўқилади

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасида харажатлар 898,4 млрд сўмга оширилган ҳолда кўрсатилган – Ҳисоб палатаси

Ҳисоб палатаси томонидан “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ва 2021 йил учун Бюджетнома бўйича хулосаси тайёрланди.

Қонун лойиҳасининг 1-иловаси билан 2021 йил учун Ўзбекистон консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2022-2023 йилларга бюджет мўлжаллари маълумот учун қабул қилиниши белгиланган. 

Унга кўра, давлат бюджети харажатлари давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 165 578 млрд сўмни ташкил этади.

Қонун лойиҳасининг 5-иловасига асосан 2021 йил учун республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 135 629,4 млрд сўмни ташкил этади (шундан, 10 411,8 млрд сўми республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи трансфертлар).

Қонун лойиҳасининг 6-иловасига асосан 2021 йил учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг харажатлари прогнозлари 40 057,8 млрд сўмни ташкил этади (шундан, давлат қарзига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар 595,8 млрд сўмни ташкил этади).

Таҳлил натижасида, республика бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг жами харажатлари прогнози 164 679,8 млрд сўмни ташкил этгани ҳолда, қонуннинг 1-иловасидаги давлат бюджети харажатлари асоссиз равишда 898,4 млрд сўмга оширилган ҳолда кўрсатилганлиги аниқланди, дейилади Ҳисоб палатаси хулосасида.

Мавзуга оид