Жаҳон | 10:59 / 18.11.2020
6862
2 дақиқада ўқилади

Дунёда рекорд даражада ҳафталик касалланиш ҳолатлари қайд этилди

Фото: ТАСС

Дунёда ўтган ҳафта ичида коронавирусга чалинганлар сони деярли 4 млнга кўпайди. Бу кўрсаткич пандемия бошидан бери рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Бир ҳафта ичида вирус қурбонлари сони деярли 60 мингни ташкил қилган. 

ЖССТ маълумотларига кўра, 9-15 ноябрь кунлари дунёда 3 млн 977 минг 223та янги касалланиш ҳолати, 59 минг 699та ўлим қайд этилган. Ундан аввалги ҳафтада, яъни 1-8 ноябрь кунлари 3,695 млндан кўпроқ касалланиш, 54 мингдан кўпроқ ўлим ҳолати қайд этилганди.

“Европа минтақаси энг кўп касалланганлар (46 фоиз) ҳақида маълум қилаётган бўлса-да, бу ерда ўтган ҳафта касалланиш ҳолатлари ундан аввалги ҳафтага нисбатан 10 фоизга камайган. Бунга коронавирусга қарши чораларнинг кучайтирилгани ҳисобига эришилган”, деб таъкидлаб ўтилган ЖССТда. 

Европада ўтган ҳафта 1,840 мингдан кўпроқ касалланиш, 29 мингдан кўпроқ ўлим ҳолати қайд этилган.     

Шимолий ва Жанубий Америкада бир ҳафта ичида касалланганлар сони 1,45 млнга кўпайган, вирус қурбонлари сони 19 мингдан кўпроқни ташкил қилган. 

Жануби-Шарқий Осиёда ўтган ҳафта давомида 373 мингдан кўпроқ киши вирусга чалинган, ўлим ҳолатлари 4,5 мингдан кўпроқни ташкил қилган.

Давлатлар кесимида қараладиган бўлса, ўтган ҳафта АҚШда касалланганлар сони 1 млнга, Ҳиндистонда 306 мингга, Францияда 203 мингга, Бразилияда 179 мингга кўпайган. Шунингдек, Британияда ҳафталик касалланиш ҳолатлари сони 173 мингта, Польшада 169 мингта, Россияда 151 мингта, Германияда 132 мингта ва Испанияда 87 мингтани ташкил қилган.     

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид