Ўзбекистон | 18:47 / 18.11.2020
34225
3 дақиқада ўқилади

«Фақат шу орқали коммунал қарздорликни камайтириш мумкин» — Алишер Қодиров сайловолди ваъдаларидан бирини эслади

Коммунал тўловларни аҳоли даромадига қараб табақалаштириш орқали тизимдаги қарздорликни камайтириш лозим, деб ҳисоблайди «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Аҳолининг коммунал хизматлардан қарздорлиги кескин ортиб бораётгани бизни ташвишга солмоқда, деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси ўринбосари Алишер Қодиров палатанинг 18 ноябрдаги ялпи мажлисида.

«Миллий тикланиш» партияси раисига кўра, биргина газдан қарздорлик ўтган вақт давомида 6,5 трлн. сўмни ташкил қилган. Унинг айтишича, бу ҳали умумий қарздорликнинг бир қисми, яъни одамларда жами 11 тлрн.га яқин қарздорлик шаклланяпти.

«Биз биламиз, тармоқларни таъмирлаш бугунги куннинг долзарб масаласи. Шунинг учун ҳам сайловлар пайтида аҳолининг даромадига қараб тўловларни табақалаштиришни таклиф қилган эдик. Биздаги маълумотларга кўра, ҳозир иш билан банд аҳолининг 70 фоизи 2 миллиондан кам иш ҳақи оляпти.

Биз сайлов жараёнларида ҳам аҳолининг даромадига қараб коммунал тўловларни табақалаштириш масаласини кўтарган эдик. Фақат шу орқали аҳоли қарздорлиги кўпайиб кетишининг олдини олиш мумкин.

Бугунги кунда ойлик даромади 1 млн. сўм бўлган оилага қандай қилиб газ ва светдан 10 млн. сўмлик қарздорликни юклаб қўйиш ва унинг олдига МИБни юбориш мумкин? Бу масаланинг ечими эмас», – деган Алишер Қодировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қодиров электр энергиясини узатишдаги йўқотишларга ҳам тўхталди.

«Бизда бугунга келиб электр энергияси ишлаб чиқарилгандан кейин уни узатиш давомида 18 фоиз электр энергияси йўқотилмоқда. Бу эса 9 млрд. кВт/соат дегани.

Бу вазир томонидан қандай асосланишидан қатъи назар, барибир жуда кўп. Шу билан бирга, биз ҳозир шунча электр энергиясини ҳавога совуриш билан бирга, 3,5 млрд кВт/соат электр энергиясини хориждан сотиб олишга мажбур бўляпмиз», – деди у.

Спикер ўринбосари ЯИМ таркибида хизматлар улушининг камлигига эътибор қаратди.

«Бугун 9 ойлик бюджет ижроси шуни кўрсатяптики, ялпи ички маҳсулотимиз таркибидаги хизматлар тармоғининг ҳолати яхши эмас.

Агар пандемиядан кейинги иқтисодиётнинг ривожланиши учун асосий драйверлардан бири айнан хизматлар тармоғи бўлиши кераклигини инобатга олсак, Ўзбекистон ЯИМида ушбу кўрсаткичнинг 36,3 фоиз эканлиги, албатта, мақсадга мувофиқ эмас. У ҳам ўтган йилга нисбатан 0,2 фоизга камайибди.

Бу борада ҳолатни минтақадаги бошқа ҳамкор давлатлардаги ҳолат билан солиштириб кўрайлик. Эътибор беринг, ЯИМ таркибидаги хизматлар тармоғи Қозоғистонда 55,4 фоиз, Туркияда 55,9 фоиз, Россияда 62,3 фоиз, бизники эса Туркманистонникидан (37,7 фоиз) ҳам камроқ», – деди депутат.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид