Ўзбекистонда кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчиларга “Менинг уйим” биллинг тизими орқали ҳақ тўлашда қўшимча тўловга дуч келмоқда.
2026 йил 5 февралда имзоланган “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-48-сон қарори 10-иловаси 16-бандига асосан, “Менинг уйим” биллинг тизимини техник қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш харажатларини қоплаш мақсадида аҳоли томонидан тўланган мажбурий бадалларнинг 1 фоизи Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш республика марказига автоматик равишда ўтказилиши белгиланган.
Бироқ ижтимоий тармоқларда бу 1 фоизлик ажратма амалдаги суммадан ушлаб қолинмасдан, аҳолидан қўшимча ҳақ сифатида ундирилаётгани ҳақида эътирозлар пайдо бўлди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz'га берган изоҳга кўра, мазкур 1 фоизлик маблағ – алоҳида янги тўлов эмас, балки мавжуд мажбурий бадал таркибидан автоматик ушлаб қолинадиган сумма ҳисобланади. Яъни, қарорга кўра, бу харажат алоҳида равишда мулкдор зиммасига юклатилмаслиги керак.
Шу билан бирга, фуқаролар электрон тўлов тизимлари орқали тўлов қилганида қўшимча комиссия ҳам ундирилиши мумкин. Бу ҳолат айрим фойдаланувчиларни адаштиряпти: улар тўлов тизимларининг комиссиясини қарордаги 1 фоизлик ажратма деб ўйламоқда.
Вазирликнинг қайд этишича, Payme, MyKommunal, Zoomrad ёки бошқа воситачи платформалар орқали амалга оширилган тўловларда хизмат ҳақи сифатида алоҳида комиссия олинади. Бу маблағ “Менинг уйим” тизими учун ажратиладиган 1 фоизлик улушдан бошқа тўлов ҳисобланади ва унинг миқдори хусусий тўлов ташкилотларининг ички тариф сиёсати асосида белгиланади.
Масъулларга кўра, ҳозирда қуйидаги тўлов усуллари амал қилмоқда:
- бошқарув органининг ҳисобрақами жойлашган банк кассаларида “Мунис” тизими орқали — 0,5 фоизгача комиссия (банк билан келишувга кўра бепул бўлиши ҳам мумкин);
- “Менинг уйим” биллинг тизими ва мобил иловаси — 1 фоиз;







