Жаҳон | 08:14 / 18.11.2020
4548
2 дақиқада ўқилади

Pfizer вакцинасини ташиш учун махсус контейнер ишлаб чиқилди

Pfizer ва BioNTech компаниялари вакцинасини ташиш учун GPS датчик ва термометрга эга махсус контейнер ишлаб чиқилди. Бундай контейнер 5 мингта доза вакцинага мўлжалланган ва қўшимча музлаткичларни талаб этмайди.

Аввалроқ ушбу вакцинани 75 даража совуқ ҳароратда сақлаш ва ташиш кераклиги маълум қилинганди. 

“Бу контейнерлар GPS датчиги ва термометрлар билан жиҳозланган. Биз исталган вақтда контейнер қаерда экани ва унинг ичида ҳарорат қандайлигини била оламиз. Агар нимадир нотўғри кетса, ушбу вакцина партияси қўлланмайди”, деб маълум қилган Pfizer ижрочи директори Алберт Бурла.

Таъкидланишича, Pfizer вакцинани АҚШ ҳудуди бўйлаб буюртмачига бир кун ичида етказиб беришни кафолатлайди. Компания жорий йил охиригача 50 млн доза вакцина ишлаб чиқаришни режалаштирган ва бу миқдордан ярми АҚШдан бошқа давлатларга мўлжалланган.

“Биз вакцинани машиналар, самолётлар, кемалар, ҳар қандай транспорт воситасида етказиб бера оламиз”, деб қўшимча қилган Бурла.

Аввалроқ АҚШнинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компанияси ишлаб чиққан вакцина синовлар вақтида 90 фоиздан кўпроқ самарадорликни кўрсатгани маълум қилинганди. 

Мавзуга оид