«Масофавий таълимда рақамли тафовутни енгиб ўтиш асосий вазифага айланди» — ЮНИСЕФ минтақавий директори
19 ноябр куни Тошкентда «Болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи: пандемия давридаги долзарблик, бардавомлик ва инновациялар» мавзусидаги халқаро веб-форум бўлиб ўтди.
«Замин» фонди ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида, 20 ноябр – Жаҳон болалар куни арафасида ташкил этилган форумда маҳаллий ва хорижлик фаоллар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Онлайн тадбирда сўз олган ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хон пандемия шароитида болаларнинг таълим олишини давом эттириши борасида ЮНИСЕФ томонидан амалга оширилган ишларга тўхталди.
«ЮНИСЕФ таълим тизимини мос равишда рағбатлантириш учун ҳукуматлар билан бирга фаолият олиб борди. Биз инқирозни юмшатишга ҳаракат қилдик ва таълим соҳасидаги инновацияларни қўллаб-қувватладик. Масофавий таълимга ўтиш учун тизимлар зудлик билан мослашишига тўғри келди. Дарсларни радио, телевидение орқали ва онлайн шаклда ўтишга ҳаракат қилишди. ЮНИСЕФ таълим тизими давом этишини режалаштириш ва мактабларни очиш масаласи устида ҳукуматлар билан иш олиб борди.
Биз ўқитувчиларга инклюзив, сифатли таълим ва аралаш турдаги таълим учун янги услубларни таклиф этдик. Фарзандлари уйда таълим олаётган ота-оналарга тавсиялар бердик. Шунингдек, болаларнинг руҳий саломатлиги борасида психологик кўмак кўрсатдик.
Алоқани таъминлашда рақамли тафовутни енгиб ўтиш асосий вазифага айланди. Бунда имкониятлари чекланган ўқувчилар ҳам таълим олиш имконига эга бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.
ЮНИСЕФ бутун дунё бўйлаб глобал равишда ва мазкур минтақада таълим ва кўникмаларга эга бўлиш борасида инновацион инқилобнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Биз 227 миллиондан ортиқ болалар учун масофавий ўқиб-ўрганиш, шунингдек, айрим ҳолларда онлайн инструментлардан фойдаланган ҳолдаги таълимни қўллаб-қувватлаймиз», – деди Афшан Хон.
ЮНИСЕФ вакили Ўзбекистонда бу борада олиб борилган ишларни юқори баҳолади.
«Ўзбекистонда ҳукуматнинг таълим олишни давом эттириш, барча болалар учун тенг имкониятларни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳога лойиқ, деб ҳисоблаймиз.
Рақамли технологиялар билан қамраб олинганликнинг жорий паст даражасини ҳисобга олиб, ҳар бир бола таълимни давом эттира олиши учун телевидение орқали масофавий таълимнинг татбиқ этилиши алоҳида мақтовга лойиқ.
Биз яқинда қабул қилинган, ҳар бир бола, шу жумладан, имкониятлари чекланган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи кафолатланган «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилинишини ҳам қўллаб-қувватлаймиз», – деди ЮНИСЕФнинг минтақавий директори.
Мавзуга оид
14:33 / 07.11.2024
ЮНИСЕФ: Ғазода икки кун ичида 50 дан ортиқ бола ҳалок бўлди
22:44 / 03.08.2024
Бангладешдаги намойишлар оқибатида ўнлаб болалар ҳалок бўлди — ЮНИСEФ
18:36 / 08.06.2024
Ўзбекистон болалар тўйиб овқатланмайдиган давлатлар рўйхатига киритилди
09:41 / 16.05.2024