Шавкат Мирзиёев янги бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев 19 ноябр куни қурилиш соҳасига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар қилди.
Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш ва кенгайтириш режалаштирилмоқда. Президент Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида берган кўрсатмалар асосида лойиҳа қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди. Унга кўра, катта масжид, тўртта минора ва кенг айвонлар қуриш, хиёбон, унинг атрофида меҳмонхоналар ҳамда бошқа инфратузилма объектлари барпо этиш кўзда тутилган.
Давлат раҳбари зиёратчи ва бошқа сайёҳлар учун қулайликларни кенгайтириш, мажмуани жаҳон андозалари даражасида сифатли қуриш, зиёратчиларга қулайликларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Тақдимотда Ўзбекистон давлат санъат музейининг янги биноси лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси буюртмаси билан дунёга машҳур япон меъмори Тадао Андо томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага мувофиқ, музейнинг мавжуд биноси ёнида айлана шаклида 3 қаватли янги иншоот қад кўтариши кўзда тутилган.
Қурилишнинг аҳамияти шундаки, музейнинг ҳозирги шароити билан мавжуд экспонатларнинг бор-йўғи 3 фоизини намойишга қўйиш мумкин. Янги иморат қурилгач, ушбу санъат даргоҳининг кўргазма майдони кенгаяди.
Шавкат Мирзиёев 16 октябр куни Тошкент архитектура-қурилиш институтининг янги биносини бориб кўрганида бу ерда соҳа кластери ташкил этиш, ҳудудни қурувчилар массивига айлантириш лозимлиги юзасидан топшириқлар берилган эди. Шу мақсадда институт атрофидаги майдонлар ҳам қўшилиб, янги лойиҳа ишлаб чиқилди.
Унга кўра, ОТМ ёнида қурилиш коллежи, қурилиш материаллари бўйича илмий-тадқиқот маркази, лаборатория, ётоқхоналар, спорт мажмуаси ва бошқа объектлар барпо этилиши мўлжалланган.
Давлат раҳбари 12 июн куни пойтахтнинг Олмазор туманига ташрифи чоғида, Тошкент туманининг бир қисмини Олмазор туманига ўтказиб, янги турар жойлар ва корхоналар барпо этиш таклиф қилинганди. Бугун тақдим этилган лойиҳага биноан, 200 гектардан зиёд ушбу ҳудудда 150 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, мактаб, болалар боғчаси, истироҳат боғи, тижорат зонаси қурилиши кўзда тутилган.
Бошқа бир лойиҳа Тошкентдаги «Наврўз» қабуллар уйидан самарали фойдаланишга оид. Ушбу мажмуани капитал таъмирлаб, Давлат иштирокидаги корхоналарни соғломлаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштириш маркази ташкил этиш режалаштирилган. Бу ерда тадбиркорларга маълумотлар очиқ тарзда тақдим этилади.
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Темурбеклар мактаби қурилишига доир тақдимот билан ҳам танишиб, зарур кўрсатмалар берди.
Қайд этилишича, Термиз шаҳрининг Беруний кўчаси янги лойиҳага асосан реконструкция қилиниб, қурилиш ишлари амалга оширилади. Ҳозирда ушбу марказий кўчада Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, масжид, меҳмонхона, турар жойлар, маҳалла гузари ва кўплаб тадбиркорлик субъектлари жойлашган.
Денов туманининг Нурли манзил ва Лочин маҳаллаларида энергия тежамкор кўп қаватли уйлар, ижтимоий муассасалар барпо этилиши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024