Ўзбекистон | 12:27 / 20.11.2020
4061
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича парламент комиссияси тузилди

Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссияси ташкил этилди. 

Ўзбекистон президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида Олий Мажлис палаталарига инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясини тузиш тавсия этилганди.   

Мазкур тавсияга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгаши ва Сенат кенгаши 2020 йил 25 сентябрда қўшма қарор қабул қилди. Қўшма қарорга асосан, инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссияси тузилди ва унинг таркиби ҳамда регламенти тасдиқланди.

Парламент комиссиясининг асосий мақсади - инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига риоя этилишига ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий стратегиясини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат. 

Бу жараёнда, хусусан:

  • инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган сиёсатни амалга оширишда иштирок этиш; 
  • инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка жорий қилиш;
  • инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантириш;
  • инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий ҳаракат режаларини сифатли бажариш, бунда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш алоҳида аҳамият касб этади.

Комиссия ўз фаолияти тўғрисида ҳар йили Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлисларида ахборот бериб боради.

Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов парламент комиссияси раиси, Сенат раисининг ўринбосари Зайниддин Низомхўжаев парламент комиссияси раисининг ўринбосари этиб белгиланди, дейилади Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ матбуот хизмати хабарида. 

Мавзуга оид