Ўзбекистон | 17:38 / 20.11.2020
2397
4 дақиқада ўқилади

Сенаторлар мулк ҳуқуқидан асоссиз равишда маҳрум этишдан ҳимоя қилиш кафолатини мустаҳкамловчи қонунни маъқуллади

Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров қонуннинг аҳамиятига тўхталди.

«Сўнгги йилларда хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг Конституцияда кафолатланган дахлсизлигини таъминлаш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Лекин айрим жойларда мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалда ижроси таъминланмаган. Буни мазкур йўналишда Сенатга келиб тушаётган мурожаатлар сонининг деярли икки баробарга кўпайганидан кўриш мумкин.

Хусусан, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси маъмурий судлари томонидан маҳаллий ҳокимликларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топишга доир жами 3 мингга яқин ишлар кўрилган бўлиб, уларнинг 42 фоизи қаноатлантирилган», деди Наримон Умаров.

Мажлисда айтилишича, мазкур қонун билан «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда Ер кодексига ўзгартишлар киритилмоқда.

Бундан кўзланган мақсад, биринчи навбатда, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилашдир.

Ўз ўрнида, киритилаётган нормага асосан, ер участкасини ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги бўлган тақдирда ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари қарорига ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан амалга оширилади.

Қолаверса, амалдаги қоидалардан фарқли ўлароқ, энди ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қилиш аксарият ҳолатларда суд томонидан амалга оширилади. Бундай ҳолатлар этиб қонунда ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаслик, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғини мунтазам тўламаслик кабилар белгиланмоқда.

Ўз ўрнида, туман, шаҳар, вилоят ҳокимларининг қарори ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан фойдаланиш ҳуқуқини фақат тўрт ҳолатда тугатиш амалга оширилиши мумкин. Яъни ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда, ер участкаси берилган муддат тугаганда, юридик шахс тугатилганда, хизматда фойдаланиш учун ер беришга асос бўлган меҳнатга оид муносабатлар бекор бўлганда.

Бундан ташқари, қонунда корхона ва ташкилотларни давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда мол-мулкни хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишига йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи ўзгартиш киритилиши белгиланмоқда.

Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида мулкдорлар ҳуқуқлари, уларни ўз мулкига бўлган мулк ҳуқуқидан асоссиз равишда маҳрум этишдан ҳимоя қилиш кафолати мустаҳкамланади. Қолаверса, ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларининг ўрни, шу жумладан, давлат томонидан тўлиқ қопланади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид