Терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноят қилганларнинг ижтимоийлашуви бўйича давлат дастури бандлари тўла бажарилмаган
Айни пайтда Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтмоқда.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, мажлис давомида мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов 2020 йилги давлат дастурининг Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш бандининг бажарилиши бўйича ўрганиш натижаларини ўқиб эшиттирган.
«Ўтаётган йилнинг 9 ойи давомида давлат дастурининг 44 та бандининг ижроси таҳлилларига кўра, бешинчи бўлимнинг 13 та банди ўз муддатида бажарилган.
Жаҳондаги эпидемиологик вазият туфайли битта банднинг ижроси 2021 йилга қолдирилган. Бажарилаётган ва ҳали муддати келмаган бандлар 22 тани ташкил қилмоқда. 7 та банд бўйича эса масъул вазирлик идоралар томонидан норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб вазирлар маҳкамасига киритилган, лекин айрим сабабларга кўра, ҳанузгача қабул қилинмаган», – деган Қутбиддин Бурҳонов.
У ҳисоботи давомида ижроси бажарилмай қолаётган бандларга ҳам эътибор қаратган.
«Хусусан, давлат дастурининг 2.48 бандида Ўзбекистон Миллий гвардияси зиммасига 2020 йилнинг 1 апрелига қадар «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган эди. Миллий гвардия томонидан жорий йил 20 февралда ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилган (Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилиниши кечикмоқда – таҳр).
Шунингдек, давлат дастурининг 2.51 бандида ички ишлар вазирлиги зиммасига йил давомида диний экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реаблитация қилиш ва уларни соғлом ҳаётга қайтариш юзасидан амалий тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.
Қайд этиш лозимки, давлат раҳбари томонидан диний оқимлар таъсирига адашиб кириб қолган, ўз қилмишидан пушаймон бўлиб тузалиш йўлига ўтган маҳкумларни афв этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, охирги тўрт йилда 12 маротаба афв этиш бўйича Президент фармонлари эълон қилинди. Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги томонидан афв этилган шахсларни профилактик ҳисобга олиш ва жамиятга мослашувини таъминлаш ва унинг мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Аммо ижтимоийлашув тадбирларига қарамасдан терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноятларни содир этганларнинг 250 нафари бугунги кунга қадар ўз ғоясидан қайтмаган. Шу сабабли ҳукумат томонидан давлат дастурининг ушбу банди ижросига алоҳида эътибор қаратилишини сўраб жойлардаги ҳокимлик, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги органлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда иш тутишлари керак», – деган қўмита раиси.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024