Ўзбекистон | 22:43 / 23.11.2020
17905
4 дақиқада ўқилади

«Бу кам эмас» – «Ҳудудгазтаъминот» расмийси суюлтирилган газ тарқатишдаги меъёр ҳақида

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Тоҳиржон Турдиев 23 ноябр куни АОКАда ўтказилган брифингдан сўнг Kun.uz мухбирига берган интервьюсида аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш масаласида гапирди. Раис ўринбосари маълумот беришича, айни кунда бир дона газ баллон 45 кунга мўлжалланган ва 22 минг 400 сўмдан етказиб берилади.

«Аҳолидан бир савол тушадики, бир ойга бир дона газ баллон бериладими, деган. Йўқ. Ҳозирги кунда ресурс, имкониятлардан келиб чиқиб бу масала мониторинг қилиб кўрилган бўлиб, 45 кунга бир дона газ баллон етказиб бериш таъминланади. Газ график асосида туман ҳокимлари билан тасдиқланган жадвалларга асосан етказиб берилади. Бу кам эмас. Бир нарсани илова қилишимиз керак, қишки мавсумда суюлтирилган газни фақат овқат тайёрлаш учун етказиб берамиз.

Бу бўйича «Ўзбекнефтгаз» билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Қишки мавсумда аҳолига 6 ой - октябрдан март ойигача қўшимча равишда 384 минг тонна газ етказиб бериш режалаштирилган. Бир кунда 1400 тонна газ олинаётган бўлса, ҳозирги кунда 2000 тонна газ олинмоқда. 

Суюлтирилган газни Қашқадарё вилоятида жойлашган «Шўртан» нефт ва газ, «Муборак» нефт ва газни қазиб чиқариш ва учта завод орқали Қашқадарёдан оламиз. Бизда энг оғир ҳудуд бўлган водий вилоятларига уч кун бўлдики, суюлтирилган газни темир йўл орқали тўлиқ етказиб бериш таъминланмоқда. 160та вагонга яна қўшимча 90та вагон қўшилди.

Об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар аҳолига суюлтирилган газни етказиб бериш таъминланади», деди раис ўринбосари.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Тоҳиржон Турдиев

Тоҳиржон Турдиев суюлтирилган газ тўлдирилган баллонларга қўшимча нарх қўйиб сотиш ҳолатлари учраб тургани ва бунга нисбатан кескин чоралар кўрилаётгани ҳақида ҳам гапирди. У республика миқёсида газ учун бир хил нарх жорий қилинганини таъкидлаб ўтди.

«Бу жараёнда ҳар бир ҳолат назоратга олинган. «Ҳудудгаз» АЖда коррупцияга қарши кураш бошқармаси ҳам ташкил этилган. Бу бўйича барча вилоятлардан ходимлар ишга олинган. Бунинг учун ишланяпти.

Самарқанд мисолида айта оламан, ушбу вилоятни ўрганиш якунларига кўра 14 нафар ходимга нисбатан кескин чора кўрилди. Уларнинг ҳужжатлари прокуратурага тақдим этилган. Аҳолига ажратилган суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб боролмагани ёки уни бункерда тўплаб, қўшимча нарх қўйиб сотиш ҳолатлари аниқланди ва бунга чора кўриляпти.

Бугунги кунда аҳолига сотилаётган суюлтирилган газнинг нархи республика бўйича 22 минг 400 сўм.

Яна бир хизмат турини жорий қилдикки, аҳолига ажратилган газ баллонни уйига олиб кириб ўрнатиб, хавфсизлигини таъминлаб, текшириб бериш ҳисобига 3000 сўм қўшимча ҳақ олинади. Бу мажбурий эмас, ихтиёрий равишда. Буни аҳоли тўғри қабул қилиши керак.

Ҳозирда газ экспорти мутлақо тўхтади. Куз-қиш мавсуми бўлганлиги учун асосий газ ички бозорга, яъни аҳолига йўналтирилди. «Ўзбекнефтгаз» берган маълумотга кўра, барча миқдор ички бозорга йўналтирилди», дейди раис ўринбосари.

Аввалроқ, Kun.uz сайтида Самарқанд вилоятида газ баллонларини аҳолига ўз вақтида етказилмаётгани хусусида бир қанча мурожаатлар юзасидан суриштирув эълон қилинганди. Унда маҳаллаларга икки ойда бир марта газ баллони келаётгани айтилганди.

Мавзуга оид