12 январдан бошлаб Рақобат қўмитасининг тегишли кўрсатмаси билан Республика товар хомашё биржасида суюлтирилган газ нархининг бошланғич нархга нисбатан ошиш чегараси 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.
Шунингдек, бошланғич нарх ҳар тонна учун 7,5 млн сўмдан ошса, биржа пропан импортчилари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг таклифларини қабул қилмайди. Бу биржада максимал нарх 8,25 млн сўмдан ошмаслигини англатади.
Нега чеклов жорий этилди?
2026 йилнинг дастлабки 4 биржа кунида пропан нархи 14,7 фоизга кўтарилди. Ўтган йилнинг сўнгги иш куни – 30 декабрдаги савдоларда суюлтирилган газнинг 1 тоннаси учун нарх ўртача 8 млн 87 минг сўмни ташкил этган. 5-8 январ кунлари эса нарх қарийб 1,2 млн сўмга ёки 14,7 фоизга кўтарилиб, 9 млн 277 минг сўмгача етди. Шу 4 кун давомида сотилган маҳсулот ҳажми кунига ўртача 2 минг тоннага тенг бўлди. Таққослаш учун, 2025 йил сўнгидаги охирги 4 биржа кунида кунига ўртача 2390 тоннадан пропан сотуви амалга оширилган.
2025 йил 1-4 декабр кунлари (душанба–пайшанба) биржада пропаннинг ўртача нархи тоннасига 7 млн 337 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йил 5-8 январ кунлари (душанба–пайшанба) ўртача нарх бундан 18,8 фоизга кўтарилиб, 8 млн 716 минг сўмни ташкил этди.
Рақобат қўмитасининг изоҳи
Рақобат қўмитаси пропан қимматлашгани юзасидан изоҳ бериб, бу бозорда импорт маҳсулот улуши ва нархининг ошиши ҳисобига юзага келаётганини билдирди.
Қўмита маълумотларига кўра, 2025 йилда биржа савдоларида жами 358 минг тонна пропан сотилган бўлиб, шундан 61 фоизи (219 минг тонна) маҳаллий ва 39 фоизи импорт маҳсулот ҳиссасига тўғри келган. Январ-июл ойларида ички бозорда маҳаллий маҳсулотнинг улуши юқори бўлиб, ўртача 80 фоизгачани ташкил этган. Август ойидан бошлаб бу кўрсаткич камайиб борган ва декабр (35 фоиз) ойи ва январнинг ўтган даврида 10 фоизгача қисқарган.
«Бунга асосий сабаб – маҳаллий маҳсулотнинг аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилганлиги», — дейилади қўмита хабарида.
Қайд этилишича, қўмита томонидан пропан нархига нисбатан бошланғич нархдан ошириш чегараси кўпи билан 20 фоиз (спред) этиб белгиланиши, 1 та савдо сессиясида 5 тонна (бунгача – 10 тонна) харид лимити ўрнатилиши ҳисобига маҳаллий маҳсулот сотилиш нархи йил давомида тоннасига 7 млн сўмдан ошмаган. Айни пайтда импорт маҳсулот нархи 8 млн сўмгача шаклланган.







