«Сўз эркинлиги учун давомли кураш» — The Diplomat Ўзбекистонда кечаётган жараёнларга эътибор қаратди
Ўзбекистонда фикр билдириш эркинлиги назорат остида ва мўртлигича қолмоқда, аммо сўнгги йиллардаги чекловли ошкоралик ортга қайтариб бўлмас жараёнга айланиши мумкин. Бош таҳририяти Вашингтонда жойлашган The Diplomat журналидаги «Ўзбекистон: Сўз эркинлиги учун узоқ кураш» сарлавҳали мақола юқоридаги сатрлар билан бошланади.
Тошкентда яшаётган поляк журналисти Агнешка Пикулицка-Вильчевска ўз мақоласида Шавкат Мирзиёев бошчилигида сўнгги тўрт йилда қилинган ижобий қадамларни қайд этиб, сўз эркинлиги бўйича Ўзбекистондаги ҳозирги вазиятга оид кузатувлари билан ўртоқлашган.
«Янги раҳбар фуқароларга ўз хавотирлари ва шикоятларини айтиш учун кўпроқ имконият берди. Олдин блокланган ижтимоий тармоқ платформалари ва хорижий сайтларга тўсиқлар олинди. Кўплаб блогерлар ва сайтлар пайдо бўлиб, мамлакатнинг бўшаб қолган медиа майдонини тўлдирди. Айниқса, ижтимоий тармоқлар куннинг ижтимоий-сиёсий масалаларини очиқ муҳокама қилиш учун майдонга айланди.
Аммо Мирзиёев ислоҳотларининг тўрт йили давомида, Ўзбекистонда сўз эркинлиги тўла таъминланди, деб бўлмайди. Президент бир неча бор ўз чиқишларида журналист ва блогерлар ҳокимиятдаги кишиларни эркин танқид қила олиши кераклиги ҳақида гапирган ва бу борада ижобий ўзгаришлар кўзга ташланган бўлса-да, Ўзбекистон сўз эркинлиги бўйича кўплаб рейтингларда ҳамон сўнгги поғоналарда қолмоқда.
«Чегара билмас мухбирлар»нинг 2020 йилги Жаҳон матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 156-ўринда қайд этилган (мамлакат 2016 йилда 166-поғонада жойлашганди). Freedom House эса Ўзбекистонни эркинлик даражаси энг қуйи давлатлар қаторида санашда давом этмоқда: 2020 йилда Ўзбекистондаги эркинлик даражаси 100 баллдан 10 баллга баҳоланган (2017 йилда бу кўрсаткич 100 баллдан 3 балл бўлган).
Сентябр ойида, Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти иштирокида ўтказилган конференцияда, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов мамлакатнинг халқаро рейтингларда паст ўринларда қолаётганига изоҳ берган эди.
«2017 йилдан 2020 йилгача Ўзбекистон рейтингда 13 поғонага юқорилади. Лекин муаммолар йўқми? Албатта, бор. Журналист ёки блогерда қўрқув йўқми? Албатта, бу ҳам бор. Акс ҳолда, натижа бундан ҳам яхши бўлиши мумкин эди.
Айрим шахслар цензураси, журналист ва блогерларнинг ўз-ўзини цензуралаши, ҳукумат расмийларининг таҳдиди ва босими – табиийки, бу омиллар ҳамон мавжуд ва биз бунга қарши курашяпмиз», – деди у.
«Шу кунларда президент топшириғи билан яна бир муҳим ҳужжат, яъни оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун чиқиши керак. Биз ҳали ҳам йўлнинг бошида эканлигимизни ва бу йўлда хато ва камчиликлар бўлишини тушунамиз», – деганди Комил Алламжонов.
Хатолар, афсуски, камдан кам кузатилаётгани йўқ. Бадавлат ва қудратли одамларни танқид қилганлар аксар ҳолларда босим ёки таҳдидларга учрамоқда.
Сентябр ойида видеоблогер Шавкат Эгамбердиев тармоққа жойлаган видеосини ўчиришга мажбурланди; видео гўёки Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев асос солган Artel ва Akfa компаниялари обрўсини тўкишга қаратилган деб ҳисобланди. 2019 йил ноябр ойида ҳоким журналистларга уларни жамоатчилик олдида уятга қолдириш билан таҳдид қилгани аудиоси тарқалганди.
Тошкентдан ташқарида вазият янада жиддийроқ. Август ойида Қорақалпоғистон Республикаси расмийлари республика раҳбарининг вафоти ҳақида хабар тарқатган журналистларни ярим тунда сўроқ қилишди, мазкур хабар эса бир неча кун ўтиб тасдиқланди. Ўша ойда эксклав Сўх туманидан бўлган ўзбек блогер, Фарғона вилоятининг узоқ йиллик ҳокими Шуҳрат Ғаниев истеъфосини сўрагани учун бошига қоп кийдирилган ҳолда Фарғонага олиб кетилди. Бир неча ҳафта ўтиб, Ғаниев бош вазир ўринбосари этиб тайинланди», – деб ёзади хорижлик журналист.
Пикулицка-Вильчевска ўз мақоласида Ўзбекистон сўровига биноан Бишкекда қўлга олиниб, Тошкентга экстрадиция қилинган Бобомурод Абдуллаев воқеасига атрофлича тўхталган. Муқаддам судланган таниқли журналистнинг навбатдаги марта қўлга олиниши билан боғлиқ воқеалар ижобий якун топганини қайд этган.
Шу билан бирга, польяк журналисти «Сардоба» сув омборидаги техноген офат ҳақида ҳам эслаб, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг собиқ мухбири Анора Содиқова билан боғлиқ ҳолатга эътибор қаратган. Содиқова Сардобадаги одамлар билан суҳбатлашиши асносида қандай хулосага келгани ҳақида Facebook'да пост қолдиргач, у ишдан бўшатилган эди.
«Босим ўтказишнинг билвосита йўллари ҳам бор. Айрим журналистларнинг The Diplomat'га айтишича, бизнес-магнатларга қарашли компаниялар журналист ва блогерлар учун пресс-турлар уюштириб, уларга яхши муомала ва совғалар бериш орқали, ОАВда эълон қилинадиган ахборотларга таъсир ўтказишга уринишмоқда. Айримлар эса маҳаллий университетлар талабаларидан иборат «троллар фабрикаси»ни ташкил этиб, ўз хўжайинларининг номақбул хатти-ҳаракатлари ҳақидаги постларни қоралашни маъқул кўрмоқда.
Аммо босимларга қарамай, айрим жараёнларни тўхтатиб қўйиш имконсиз», – дейилади The Diplomat'даги мақолада.
Мақолага Hook.report бош муҳаррири Дарина Солоднинг фикрлари билан якун ясалган.
«Одамлар ОАВга интервью беришга қўрқарди. Ҳозир эса, сизни камера билан кўриб қолишса, жон деб гапиришга тайёрлар.
<…> Жамият ўзгарди, энди ахборот оқимини назорат қилиш имконсиз. Facebook'ни блоклашга уринишлари мумкин, лекин одамлар бу тақиқни қандай айланиб ўтишни билишади. Каримов даврига қайтишга уринишлари ҳам мумкин, аммо бу иш бермайди».
Мавзуга оид
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
21:29 / 01.10.2024
Жулиан Ассанж: «Мен журналистикада ўзимни айбдор деб тан олишга мажбур бўлдим»
16:46 / 26.08.2024