Ўзбекистон | 10:48 / 24.11.2020
2840
1 дақиқада ўқилади

Боқувчиси бўлмаган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Ҳужжатга кўра, етим болалар ва ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар таълим муассасалари (давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар)да, шунингдек олий таълим муассасасида таълим-тарбия оладиган муддатда тўлиқ давлат таъминотида бўлади.

Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг шахсий харажатлари учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида (446 минг сўм) пул маблағлари тўланади.

Тўлиқ давлат таъминоти пул нафақалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминлаш, шунингдек, транспортда юриш карточкаларидан иборат бўлади.

Давлат таъминотида бўлган болаларга таълим муассасасини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар сотиб олиш учун БҲМнинг 100 баравари (22 млн 300 минг сўм), йўл харажатлари учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн 115 минг сўм) миқдорида битирув нафақаси берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид