Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Айрим коррупцион ва мансабдорлик жиноятлари бўйича дастлабки тергов прокуратура органлари ваколатига ўтказилади
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Парламент сайтида ёзилишича, бош прокурорнинг биринчи ўринбосари А.Холмахматов қонун лойиҳаси бўйича қилган маърузасида айрим моддаларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида тўхталиб ўтди. Унга кўра, лойиҳада жиноят ишининг терговга тегишлилиги институтини янада такомиллаштириш мақсадида Жиноят-процессуал кодексига муҳим ўзгартишлар кўзда тутилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларнинг жиноятларни дастлабки тергови борасидаги дахлдорлиги, иш юритиш ваколатларини тоифалаштириш таклиф этиляпти. Бу дегани, фуқароларнинг ҳаёти, жамият ва давлатнинг манфаатларига тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳамда бошқа коррупцион ва мансабдорлик жиноятлар – прокуратура органлари томонидан, фуқароларнинг соғлиғи, мол-мулки, жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солувчи жиноятлар – ички ишлар органлари томонидан, мамлакат конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ҳамда бошқа манфаатларига қарши қаратилган жиноятлар давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан дастлабки терговга олиниши назарда тутилмоқда.
Муҳокамаларда Жиноят кодексида назарда тутилган айрим коррупцион ва мансабдорлик жиноятлари бўйича дастлабки терговни прокуратура органлари ваколатига ўтказиш таклифига алоҳида эътибор қаратилди. Сабаби, қонун ташаббускори таъкидланганидек, прокуратура органларининг тергов тармоқларида бу турдаги ишларни тергов қилиш бўйича кўп йиллик тажриба мавжуд, терговчиларда мансабдорлик жиноятларини фош этиш бўйича самарали билим ва кўникма шаклланган.
Депутатларнинг фикрича, Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишлар қонунчиликдаги айрим “бўшлиқ”ларни тўлдириш, амалиётда айрим турдаги жиноят ишлари тергов қилинишида тергов органлари ўртасида келиб чиқаётган сансалорликларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, лойиҳа асосида Жиноят-процессуал кодексининг 345-моддаси бешинчи қисмига Жиноят кодексининг 125-1, 216-1, 216-2-моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича дастлабки терговни ички ишлар органларига ўтказиш бўйича ўзгартиш киритишда жиноятларни фош этишда ички ишлар органларининг тезкор-қидирув фаолиятининг салоҳияти, уларнинг бу борадаги куч ва имкониятлари юқори эканлиги инобатга олингани қайд этилди.
Савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мавзуга оид
19:32 / 15.05.2026
“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
15:26 / 18.02.2026
Давлат байроғини намойиш этишда ягона талаблар жорий этилади
16:19 / 16.02.2026
Истеъмолчилар шартномаларида ноқулай шартлар чекланади
12:27 / 16.02.2026