Жамият | 17:38 / 25.11.2020
14220
2 дақиқада ўқилади

Гўрмиронликларнинг 5 муаммоси: газ, электр, чиқинди, истеъмолга яроқсиз ичимлик суви ҳамда қўлбола кўприк

Наманган вилоятининг Косонсой туманида яшовчи фуқаролардан келган мурожаатларни ўрганиш мақсадида уларнинг ҳузурига бордик. Туман марказидан 6 км узоқликда жойлашган Гўрмирон қишлоғи аҳолисини кўп йиллардан буён бир неча муаммолар қийнаб келмоқда.

Биз борганимизда ердаги қор эримаган, кўчалардаги кўп камчиликларни беркитиб турарди. Маҳаллий аҳолининг маълум қилишича, соат 18:00 дан кейин газ қуйиш шохобчаларига чекловлар ўрнатилган бўлишига қарамай, аҳолига табиий газ қониқарли тарзда етказиб берилмаяпти.

Электр токи ҳам белгиланган жадвал асосида эмас, одамларга айни зарур бўладиган пайтларда узиб қўйилаётган экан.

Айниқса, ҳудуд аҳолиси тоза ичимлик суви йўқлигидан қийналмоқда. Ичимлик суви тармоғи тортилмагани боис қишлоқ аҳли ҳудуддан оқиб ўтувчи, истеъмолга яроқсиз бўлган канал сувидан ичишга мажбур. Ачинарлиси, ушбу каналда баъзида сув умуман бўлмайди, баъзида эса лойқа сув ҳам оқиб туради.

Бундан ташқари, аҳолини чиқинди муаммоси ҳам ўйлантирмоқда. Яна, қишлоқда врачлик пункти ҳам мавжуд эмас.

Ушбу муаммолар бўйича мутасадди ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилинган бўлса-да, муаммолар ҳалигача ўз ечимини топмаган. Ҳудудга тумандан ва вилоятдан сайланган депутатлар ҳам масалага ечим излашга уринган. Бироқ ечим маблағга бориб тақалгани учун масала муаммолигича қолмоқда.

Шу қишлоқнинг Маржонсой кўчасида ҳам муаммолар талайгина. Аҳоли йўлларнинг носозлигидан норози. Энг ачинарлиси, икки кўчани бир-бирига боғлаб турувчи қўлбола кўприк кишини даҳшатга солади. Чунки ушбу кўприк орқали болажонлар мактабга қатнайди. Айтишларича, бу кўприкдан ўтаман деб болалар сувда оқиб кетган пайтлар ҳам бўлган. Бу ерда кўприк бунёд этилиши учун яна қанча бола қурбон бўлиши керак?

Ўйлаймизки, Наманган вилояти ва Косонсой туманидаги раҳбарлар ва мутасаддиларни Гўрмирондаги ушбу муаммолар бефарқ қолдирмайди. Уларни бартараф этиш чораларини кўришади.

Юлдуз Юлдашева тайёрлади.

Мавзуга оид