Жаҳон | 20:24 / 26.11.2020
5959
2 дақиқада ўқилади

Италияда дунёдаги энг қимматбаҳо аёллар сумкаси тайёрланди

Италиянинг Boarini Milanesi компанияси дунёдаги энг қимматбаҳо аёллар сумкасини яратганини маълум қилди. Таъкидланишича, сумка нархи 7 млн долларни ташкил қилади.  

Фото: dailymail.co.uk

Болоньяда жойлашган компаниянинг янги Parva Mea сериясидан жой олган аквамарин рангидаги сумка тимсоҳ терисидан тайёрланган ва оқ олтиндан ишланган 10та капалак билан безалган. Капалаклардан 4таси бриллиантлар, 3таси сапфирлар ва яна 3таси параиб турмалини деб номланувчи ноёб қимматбаҳо тош билан безалган.

Компания таъсисчиларидан бири Маттео Родольфо Миланезининг таъкидлашича, ушбу сумка ўсмирлигида йўқотган отасига ҳурмат белгиси ҳисобланади. Сумка дизайни океанни эслатади ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш зарурлигига эътиборни қаратади.

Ушбу сумкадан бор-йўғи 3 дона тайёрланади. Компания ҳар бир сотилган сумкадан 950 минг долларини денгизларни пластик чиқиндилардан тозалаш учун хайрия қилмоқчи. Сумка дизайнери Каролина Боаринининг таъкидлашича, сумкани безашда қўлланган тошлар ҳам денгиз билан боғланган бўлиб, кўк сапфирлар океанлар чуқурлигини, турмалинлар ифлосланмаган Кариб денгизини, бриллиантлар эса сувнинг шаффофлигини англатади.

Фото: mouawad.com

Гиннесс рекордлар китобига кўра, дунёда энг қиммат аёллар сумкаси Mouawad 1001 Nights Diamond Purse кармони ҳисобланади. Юрак кўринишидаги сумка 18 каратли олтин ва 4517та турли рангдаги бриллиантлар билан безалган. У 3 млн доллардан кўпроққа баҳоланади. Сумкачани яратиш устида 10 нафар уста 8,8 минг соатдан кўпроқ вақт ишлаган.     

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид