Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москва Макрон ва Путин ўртасидаги мулоқот тафсилотлари ошкор этилгани сабабли норозилик билдирди
Франциянинг Challenges нашрида чоп этилган мақолада айтилишича, Путин Макрон билан телефон орқали қилган мулоқоти чоғида ундан «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришда ёрдам сўраган.
Фото: REUTERS/Grigory Dukor
Россия раҳбарияти президентлар Владимир Путин ва Эмманюэл Макрон ўртасидаги телефон орқали мулоқот тафсилотлари Франция оммавий ахборот воситаларида чоп этилганидан норози бўлмоқда. Бу ҳақда Москвадаги дипломатик манбага таяниб «Коммерсантъ» нашри хабар берди.
Нашр манбасининг таъкидлашича, икки давлат раҳбарларининг мулоқоти нотўғри талқин қилинган. Унинг сўзларига кўра, Москва Париждан бу борада изоҳ талаб қилган.
Гап Франциянинг Challenges нашрида чоп этилган мақола ҳақида бормоқда. Мақолада айтилишича, Путин 7 ноябр куни Макрон билан телефон орқали қилган мулоқоти чоғида ундан «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришда ёрдам сўраган ва бу муаммони ҳал қилиш учун Пастер институтини жалб этишни илтимос қилган.
«Россияликлар бир неча ҳафтадан буён улар билан ишлашга тайёрлигимизни сўрашмоқда. Бу уларнинг энг катта заифлигини: ишлаб чиқариш қувватлари йўқлигини кўрсатади», — дея ўз манбасининг сўзларидан иқтибос келтирган нашр.
Ушбу мулоқот тўғрисида Кремл берган хабарда телефон орқали суҳбатда кенг доирадаги масалалар ва биринчи навбатда Тоғли Қорабоғдаги уруш мавзуси муҳокама қилинганлиги айтилган.
Хабарда шунингдек, Пастер институти ҳам тилга олинган.
«Коронавирус инфекциясига қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш, жумладан, Россиянинг тегишли тузилмалари ва Пастер институти ўртасида вакцина ишлаб чиқиш ва чиқариш бўйича алоқа ўрнатишга қизиқиш билдирилди», — дейилган Россия президенти матбуот хизмати хабарида.
Елисей саройи сайтида ушбу мулоқот тўғрисида ҳеч қандай хабар берилмаган.
Аввалроқ икки президентнинг 14 сентябрдаги мулоқоти тўғрисида Le Monde нашри чоп этган мақоладан сўнг можаро юзага келганди. Ўшанда нашр Путин Макронга россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг заҳарланиши борасида бир нечта тахминларни илгари сургани, жумладан, Навалний «Новичок»ни ўзи қабул қилган бўлиши мумкинлигини айтгани ҳақида ёзганди.
Франция ташқи ишлар вазирлиги вакили президентларнинг телефон орқали мулоқоти тўғрисидаги хабар чоп этилиши бўйича суриштирув ишлари бошланганлигини билдирган.
Мавзуга оид
17:56 / 04.04.2026
Россияда нақдсиз тўловларда оммавий узилиш кузатилди. Бу VPN'ларни блоклашга уриниш билан боғланмоқда
09:50 / 04.04.2026
Украинага кучли зарбалар: қурбонлар сони камида ўн кишига етди
15:29 / 03.04.2026
Трамп Макрон ва унинг рафиқасини масхара қилди. Франция етакчиси жавоб қайтарди
10:35 / 03.04.2026