Жаҳон | 17:30 / 27.11.2020
5330
2 дақиқада ўқилади

КХДРда коронавирусга қарши курашиш мақсадида балиқ овлаш тўхтатилди ва пойтахт ёпилди

Фото: KCNA / Reuters

Шимолий Кореяда пойтахт ёпилди ҳамда балиқ овлаш ва туз қазиб олиш тўхтатилди. Бу ҳақда The New York Times Жанубий Корея разведкаси маълумотлари билан танишган амалдорларга таяниб хабар бермоқда.

 Разведка маълумотига кўра, КХДР раҳбари Ким Чен Ин кейинги пайтда «ўта ғазабнок ҳолатда ва нооқилона қарорлар чиқармоқда». У икки кишини қатл қилишга буйруқ берган. Улардан бири валюта алмаштириш пунктида ишлаган, у «валюта алмашув курсини оширишга алоқадорлик»да айбланган. Яна бири эса божхона ходими бўлиб, у чегарадан маҳсулотларни ноқонуний ўтказгани учун қатл этилган.

Шунингдек, Ким Чен Ин мамлакат пойтахти Пхеньянни ёпишга буйруқ берди, деб ёзади Associated Press. Бунгача Ҳесан ва Нампхо портлари, Ражин шаҳри ёпилганди. Мамлакатда балиқчилик ва туз қазиш ҳам тўхтатилган, ҳукумат денгиз суви коронавирус инфекцияси билан зарарланган бўлиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

Шимолий Кореяда пандемия бошланганидан буён коронавирус юқтириш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид