08:38 / 27.11.2020
13816

С-500 тизими ишлаб чиқилиши 2021 йилда якунланиши маълум қилинди 

Россиянинг янги авлоддаги ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими С-500 2021 йилда яратилади. Аввалроқ С-500 элементлари яратилгани, унинг соддароқ версияси синовлардан ўтказилаётгани маълум қилинганди. 

Россия ҳаво-коинот кучлари бош қўмондони ўринбосари генерал-лейтенант Андрей Юдиннинг маълум қилишича, 2021 йилда С-500 тизими ишлаб чиқилишини якунлаш режалаштирилган. 

2019 йил декабрида Россия мудофаа вазири ўринбосари Алексей Криворучко С-500’нинг дастлабки синовлари 2020 йилда бошланиши, ҳарбийлар тизимнинг биринчи серияли намунасини 2025 йилда олишлари маълум қилинганди.  

“Армия-2020” форумида Россия бош вазири ўринбосари Юрий Борисов журналистларга С-500 давлат синовларидан ўтаётгани, уни серияли ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмлар сотиб олинаётганини маълум қилган.

2020 йил июлда Россия ҳаво-коинот кучлари бош қўмондони Сергей Суровикин С-500 тизими яқин фазодаги сунъий йўлдошларни ва барча модификациядаги гипертовушли қуролни йўқ қила олишини маълум қилган.

С-500 “Алмаз-Антей” концерни томонидан зенит-ракета тизимларининг янги авлоди сифатида ишлаб чиқилмоқда.

Ғарб матбуотида янги мудофаа тизими синовлар вақтида 481 км узоқликдаги нишонни мўлжалга олгани, бу эса ҳозирги вақтда мавжуд ҳар қандай ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларининг бу борадаги кўрсаткичларидан 80 кмга кўпроқлиги маълум қилинган.

Top