Ўзбекистон | 12:28 / 28.11.2020
22490
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Жаҳонгир Ортиқхўжаев озарбойжонлик инвесторга ер ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолади

5 ноябрь куни сайтимизда «Давлат ташкилотлари озар инвесторини «копток» қилмоқда. 3 кунлик иш 3 ойда ҳам битмади» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилган эдик.

Мақолада Президент қарорига мувофиқ, битим имзоланиб ҳокимликка юборилгач, 3 кун ичида ер ажратиб берилиши керак бўлган тадбиркор 3 ойдан буён қоғоз кўтариб, идорама-идора сарсон бўлиб юргани танқид қилинган эди.

Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шериклик агентлиги вакиллари таҳририят билан боғланиб, ер ажратиш бўйича барча масалалар Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ихтиёрида қолганини маълум қилишганди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутахассиси ССВ Соғлиқни сақлаш соҳасида ДХШ тўғрисидаги низом шартларини тўлиқ бажармаганини ва ушбу ер майдони ҳокимлик ер захира фондига ўтиши кераклигини айтган эди.

Ниҳоят кеча - 27 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг «LABCENTER» МЧЖга давлат-хусусий шериклик асосида тиббий лаборатория ташкил этиш учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали ҳудудидаги 550 кв. метр ер майдонини ажратиш бўйича қарори қабул қилинди.

Бу ҳақда корхона директори Асқар Ғозихонов маълум қилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид