21:29 / 28.11.2020
5323

Тошкентдаги оммавий қабуллар ҳафталигида қонунга зид тарзда бўшатилганлар ишига тикланди, унмаётган хизмат ҳақи ундириб берилди

Фото: Халқ қабулхонаси

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган оммавий қабуллар ҳафталиги доирасида муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларининг халқ билан мулоқоти ташкил қилинди. Президент Халқ қабулхоналари, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия, Мудофаа, Ташқи ишлар вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мутасаддилари алоҳида шуъбаларда аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглади.

Оммавий қабулда Олий суд мутасаддиларига 137 нафар, Бош прокуратура масъулларига 91 нафар, Ички ишлар вазирлигига 56 нафар мурожаатчи ўзларининг аризалари, шикоятлари ва таклифлари билан юзланди.  

Анча йил Тошкент молия институтида ҳуқуқшунос бўлиб ишлаган Мирғани Акбаров ишдан қонунга зид тарзда бўшатилганидан шикоят қилмоқда. Унинг мурожаатини яқинда Тошкент шаҳар прокуратураси ўрганиб чиққанида, бу фуқаронинг чиндан ҳам ишдан ноқонуний бўшатилгани аниқланган. Оммавий қабулга келган Мирғани Акбаровга уни ишдан ноқонуний бўшатганларга нисбатан жиноят иши очилгани маълум қилинди.

Чирчиқ шаҳрида яшовчи Шаҳноза Қулфиддинованинг турмуш ўртоғи майор Шерзод Умуров 2014 йили хизматни ўтаётган вақтида вафот этган. Олти йилдан бери фарзандларини ёлғиз ўзи улғайтираётган бу аёл Мудофаа вазирлиги масъулларидан 17 ёшли ўғли Рустамни муддатли ҳарбий хизматга юбориш учун амалий ёрдам сўраб қабулга келди. Вазирлик масъуллари унга ўғлининг ота касбини давом эттириши учун қонун доирасида барча ёрдамни кўрсатишга ваъда берди.

Бекободлик Ўктам Ҳамроев оиласини ҳам анчадан бери ўйлантираётган масалага оммавий қабулда ечим топилди. У Мудофаа вазирлиги масъулларига оилавий шароитини тушунтириб, 2014 йилдан бери шартнома асосида Қашқадарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат ўтаётган ўғли Феруз Ҳамроевнинг хизмат жойини уйига яқин ҳарбий қисмлардан бирига кўчирилишида амалий ёрдам сўради. Бу мурожаат ҳам тез орада ҳал қилиб бериладиган, Ўктам Ҳамроев фарзандининг хизмат жойи Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирига кўчириладиган бўлди.

Тошкентлик Улуғбек Ибрагимов бир пайтлар ички ишлар тизимида ишлаган, сўнгра эса мурожаатчининг айтишича, ишдан ноқонуний бўшатилган. Оммавий қабулда ишга тиклаб беришларини сўраган Улуғбек Ибрагимовнинг мурожаатини қонуний ўрганиб чиқиш ва адолатли ҳал қилишни Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўз назоратига олди.

Пойтахтлик Темур Муродов ҳам қурилиш корхоналаридан биридан ишдан ноқонуний бўшатилганини айтиб, прокуратура масъулларидан қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тиклашда амалий ёрдам сўради. Масъуллар бу мурожаатни ҳар томонлама чуқур, қонуний ва холис ўрганиб чиқиб, адолатли ечим топиб бериш учун ўзларига беш кун муддат белгилашди.

Тадбиркор Гулсара Умирова раҳбарлигидаги қурилиш корхонаси Миробод туманидаги объектлардан бирида 130 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширган бўлса-да, 2019 йил апрел ойидан буён бажарилган иш учун ҳақини ундира олмаётган экан. Мажбурий ижро бюроси масъуллари бу масалани ҳал қилиб берадиган бўлди.

Ушбу оммавий қабулда 414 нафар мурожаатчининг 431та масаласи кўриб чиқилди. Уларнинг 86тасига жойида ечим топилган бўлса, 95та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, 250 та мурожаат бўйича эса аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрдан бошланган оммавий қабуллар ҳафталиги 1 декабрга қадар давом этади.

Top