«Барчаси «Ўзбекнефтгаз» банкрот бўлиши учун қилинган. Узоқ йиллар давомида геология қидирув ишларига маблағ киритилмаган» – Алишер Султонов
30-35 йил ичида барчаси «Ўзбекнефтгаз»нинг банкрот бўлиши учун қилинган. Бу ҳақда энергетика вазири, компаниянинг собиқ бошқарув раиси Алишер Султонов Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Чунки сўнгги йилларда... мен мустақиллик йиллари демаяпман, балки 30-35 йил давомида барчаси ушбу компанияни банкрот қилиш учун қилинган. Кўп йиллар давомида геология қидирув ишларига ҳеч қандай маблағ киритилмаган. Мен «Ўзбекнефтгаз» раҳбари эдим. Биринчи ўринбосар сифатида 2013 йилда келганман. Ўша пайтда «Ўзбекнефтгаз»нинг ўринбосарларидан бири менга тақдимот кўрсатди, унда 2017 йилда «Ўзбекнефтгаз» банкрот бўлиши айтилганди. Нима учун? Баланс ҳар йили тасдиқланади. Ҳар йили нефт-газ саноати учун ишлаб чиқаришнинг пасайиши билан баланс тузилган. Балансда аллақачон тушаётган қазиб олиш кўрсаткичи назарда тутилган.
Геология қидирув ишлари учун маблағ киритилмаган. Бу пойдеворсиз бино қуриш билан баробар. Геология қидирув ишлари 7 ёки 10 йилда натижа берадиган соҳа. Бу барча қазиб олиш ва ривожланиш учун фундамент, база. Бунга пул киритилмади.
Давлатнинг геология қидирув ишлари билан шуғулланиши одатий амалиёт. Президентимиз геология қидирув ишларини Давлат геология қўмитасига топширди, яъни бу давлатнинг ваколатидир.
Бир пайтлар «Ўзбекнефтгаз» гегемон - конларни ўзлаштириш билан шуғулланган ягона компания эди. У ҳам вазирлик, ҳам хўжалик субъекти ташкилоти ҳисобланган. Бу функциялар бўлинди ва вазирлик ташкил этилди. «Ўзбекнефтгаз» катталаштирилди. Катта ва камбағал компаниядан кўра, кичик ва бой компанияга эга бўлган яхши. Шунинг учун фақат ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи сифатида «Ўзбекнефтгаз» қайта ташкил қилинди. «Ўзтрансгаз» эса транспорт компанияси, келажакда у фақат транспорт хизматларини кўрсатади. «Ҳудудгазтаъминот» давлат-шериклик ҳамкорлигига ўтказилади.
«Ўзбекнефтгаз» каби гигантни оёққа турғазиш осон иш эмас. Энергия ресурсларисиз ҳеч қандай иқтисодиёт ривожланмайди. Шунинг учун давлат бу компанияни оёққа турғазиш бўйича қарорларни қабул қилмоқда», – деди у.
Бундан олдин, энергетика вазири электр энергиясини етказиб беришдаги узилишларга изоҳ берганди.
Мавзуга оид
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
13:59 / 29.08.2024