Жамият | 20:48 / 02.12.2020
10953
2 дақиқада ўқилади

«Катта бўлсам, додамга ёрдамчи бўламан» — оддий бўлмаган болаларнинг оддий орзулари

Ўзбекистонда 732 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар бор. Уларнинг 100 минг нафардан кўпроғи – 16 ёшгача бўлган болалардир.

Имконияти чекланган болаларнинг 21 363 нафари таълим билан қамраб олинган – улар республикада мавжуд 86 та жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсони бор болалар учун ихтисослашган мактаб ва мактаб-интернатларда таҳсил олишади.

Шулардан бири – Тошкент шаҳридаги 25-сонли имконияти чекланган болаларга ихтисослаштирилган мактаб.

3 декабр – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан мактаб ўқувчилари учун байрам тадбири ташкил этилди. Бу ҳақда тадбирни кузатган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Болалар ҳам мультқаҳрамонлар, фокусчи ва қўшиқчиларнинг томошасидан завқ олишди, ҳам шеър ва қўшиқ борасида ўз маҳоратларини кўрсатишди.

«Мактабда математика, алифбе фанлари ёқади. Катта бўлсам, додамга ёрдамчи бўламан. Бугунги байрам зўр», – дейди мактабнинг 6-синф ўқувчиси Фаррух бола тили билан.

Мазкур мактабда 224 нафар руҳий бузилишлари бўлган ўқувчилар таҳсил олади.

«Болалар умумтаълим фанларини ўқиш билан бирга, чилангарлик, дурадгорлик, тикувчилик, шахмат-шашка, спорт машғулотлари билан шуғуллантирилади. Ҳар бир бола алоҳида ёндашувни талаб қилгани боис, педагог ходимлар улар билан индивидуал шуғулланишга ҳаракат қилишади», – дейди мактаб директори Мадина Курванбекова.

Мадина Курванбекова

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бор болаларнинг нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлиши осон эмас. Бунинг учун улар ногиронликни белгилашнинг мураккаб жараёнидан ўтишлари керак, бу жараён эса маблағ сарфлашни талаб қилади. Шу сабабли ногиронлиги мавжуд болаларнинг қарийб ярми (48 фоизи) ана шу нафақани олмаяпти.

Мавзуга оид