Жаҳон | 22:39 / 03.12.2020
2778
2 дақиқада ўқилади

БМТ Бош ассамблеясида коронавирус қурбонлари хотираси ёд этилди

БМТ Бош ассамблеясининг Қўшилмаслик ҳаракатининг амалдаги раиси, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ташаббуси билан ўтказилаётган махсус сессияси коронавирус қурбонлари хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланди.  

“Мен вакиллардан ўринларидан туриб, коронавирус пандемиясининг барча қурбонлари, жумладан, БМТ ходимларини бир дақиқалик сукут билан хотирлашни илтимос қиламан”, деб айтган Бош ассамблеянинг амалдаги раиси Вулқон Бозкир сессия очилишида.

У ўзининг нутқида пандемияни “ақл бовар қилмас бахтсизлик” деб атаган. “Барчамиз пандемия якунланиб, ҳеч қандай қўрқувларсиз кўкрагимизни тўлдириб тоза ҳаво оладиган, ҳамкасбларимиз ва оила аъзоларимиз қўлларини сиқа оладиган кун ҳақида орзу қилмоқдамиз. Пандемиянинг бир неча ойидан кейин умидсизликни ҳис қилаётган бўлишингиз мумкин, бироқ тушкунликка берилманг – биз сиз учун, қочқинлар учун, оғир турмуш шароитига эга одамлар учун, мактабга қайтишни истаётган болалар учун, инфекцияга қарши курашнинг олд сафларида тинимсиз меҳнат қилаётган тиббий ходимлар учун ишни давом эттирмоқдамиз – БМТ сиз учун ишламоқда, биз сиз учун бирдаммиз”, — деб таъкидлаб ўтган Бозкир.

Илҳом Алиев Қўшилмаслик ҳаракатининг 4 май кунидаги онлайн-саммитида пандемияга қарши кураш доирасида БМТ Бош ассамблеясининг давлатлар раҳбарлари даражасида видеоанжуман шаклида махсус сессиясини ўтказиш таклифини билдирганди. Ўшанда ушбу таклиф Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо барча 120 та давлат томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган.  

Охирги маълумотларга кўра, дунёда коронавирусдан зарарланганлар сони 65 миллиондан ошиб кетди, инфекция қурбонлари сони эса 1,505 миллиондан кўпроқни ташкил қилмоқда. Шу билан бирга, 45 миллиондан кўпроқ киши инфекциядан соғайиб кетган. 

Мавзуга оид