Жаҳон | 19:40 / 03.12.2020
1950
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТнинг янги бош котиби германиялик дипломат Хельга Шмид бўлади

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг янги бош котиби Германия вакили Хельга Шмид бўлади. У бу лавозимни кейинги 3 йил давомида эгаллайди.

Фото: European Union Office in Kosovo / Flickr

Хельга Шмиднинг ушбу лавозимга тайинланиши ҳақида ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Албания бош вазири Эди Рама ЕХҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 27-йиғилишида маълум қилди.   

“Мен бизда янги раҳбарларни тайинлаш учун барчаси тайёрлигидан хурсандман. Бош котиб Хельга Шмид, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюро директори Маттео Мекаччи, ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакил Тереза Рибейру, Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссар Қайрат Абдраҳмонов бўлади”, деб маълум қилган Рама.

Улар 3 йиллик муддатга тайинланадилар. Эдди Рама янги ҳамкасбларининг профессионал эканига ишончи комиллигини айтган ва барчани уларга ёрдам беришга чақирган.   

ЕХҲТ раиси ташкилот малакали раҳбариятга эҳтиёж сезаётганини, чунки ЕХҲТ сифат жиҳатдан янги босқичга чиқиши учун унга ишончни мустаҳкамлаш зарурлигини қўшимча қилган. 

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Хельга Шмид ЕХҲТ бош котиби лавозимини эгаллайдиган биринчи аёл бўлади. Шмид 2016 йилдан Европанинг халқаро масалалар хизмати бош котиби лавозимини эгаллаб келган. Бунгача у Эрон ядро муаммоси бўйича Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш бўйича музокараларда фаол иштирок этган. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид