Жаҳон | 14:15 / 04.12.2020
2925
2 дақиқада ўқилади

Италияда 21 декабрдан янги тақиқлар кучга киради: ҳудудлар бўйлаб ҳаракатланиш тўхтатилади

Италия вазирлар кенгаши жумага ўтар кечаси Рождество кунлари ва янги йил байрамлари вақтида мамлакат регионлари орасида ҳаракатланишни тақиқлаш бўйича қарор қабул қилди.

Фото: Reuters

Аввалроқ жорий қилинган соат 22:00дан соат 05:00гача кўчага чиқмаслик талаби ҳам ўз кучида қолади. Баъзи регионларда ресторанлар соат 18:00гача ишлаши мумкин, мамлакатнинг аксар қисмида эса, фақат етказиш хизмати орқалигина фаолият кўрсатишга рухсат берилган.

Байрам кунлари ички туризмга чекловлар белгиланиши пандемия бошланганидан бери Италияда ўлимлар сони рекорд даражага етгани билан боғлиқ. 3 декабрь куни коронавирус туфайли 993 киши вафот этди.

«Биз эҳтиёткорликни сусайтира олмаймиз. Январда содир бўлиши мумкин бўлган учинчи тўлқиннинг олдини олишимиз керак. Бунисининг оқибатлари биринчи ва иккинчисиникидан кам бўлмайди», дейди Италия бош вазири матбуот анжуманида.

Мамлакат ичида ҳаракатланишга тақиқлар бўйича истиснолар ҳам бор: иш юзасидан, тиббий сабаблар ва фавқулодда ҳолатларда.

Фуқароларга, хусусан, Рождество куни, «Боксинг дей» ва янги йил кунлари яшаб турган шаҳарларини тарк этиш ман қилинди. Янги чекловлар маҳаллий бошқарув органлари томонидан «маслаҳатлашилмасдан қабул қилинган қарор» дея баҳоланиб, танқид билан қарши олинди. Ўзаро мулоқот йўқлиги туфайли тақиқлар ва оилаларнинг эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатни йўққа чиқарди», дейишган улар.

Шимолий Ломбардия губернатори Аттилио Фонтана янги қоидаларни «аҳмоқона» деб баҳолади (ваҳоланки, коронавирусдан энг кўп шикастланган ва вафот этганлар айнан шу ҳудудга тўғри келади).

Италияда шу кунга қадар 58 мингдан ортиқ киши коронавирус туфайли вафот этган. Рекорд даражадаги ўлим ҳолатлари 27 март куни қайд этилган бўлиб, ўшанда 969 бемор ҳаётдан кўз юмганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид