Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон Божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги конвенцияга қўшилади
Конвенциянинг «E» махсус иловаси (Транзит) 3-бобидан (Товарларни каботаж ташиш) ташқари барча иловалари ва бобларини қабул қилиш белгиланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар томонидан Давлат божхона қўмитаси киритган «Божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Киото, 1973 йил 18 май, 1999 йил 26 июндаги ўзгартиришлар билан) қўшилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Мазкур конвенция Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган ва 2006 йил 3 февралда янги таҳрирда кучга кирган. Конвенциянинг 8-моддасига асосан, мазкур халқаро шартнома давлатларнинг қўшилиши учун очиқ экани белгилаб қўйилган.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Конвенциянинг «E» махсус иловаси (Транзит) 3-бобидан (Товарларни каботаж ташиш) ташқари барча иловалари ва бобларини қабул қилиши белгиланмоқда.
Конвенция унга аъзо давлатларга, ўзларининг миллий қонунчилигида божхона расмийлаштируви жараёнларини содда, тушунарли ва олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган қоидалар асосида шакллантириш мажбуриятини юклайди.
Киото конвенциясига асосан, божхона қонунчилигини соддалаштириш ва уйғунлаштиришга қуйидагилар воситасида эришилади:
- Божхона органлари фаолиятининг шаффофлиги ва олдиндан башорат қилиш мумкинлигини таъминлаш;
- Товарларни декларациялаш тартиб-тамойиллари ҳамда кузатув ҳужжатларини соддалаштириш ва тизимлаштириш;
- Ваколатли субъектлар учун божхона тартиботларини соддалаштириш;
- Божхона органлари фаолиятида ахборот технологияларидан максимал даражада фойдаланишни таъминлаш;
- Қоидалар ва регламентларни бажаришни таъминлаш мақсадида божхона назоратини минималлаштириш;
- Божхона назоратини амалга оширишда хавфларни бошқариш тизимини қўллаш ва аудит асосида назоратни амалга ошириш;
- Чегарадаги бошқа назорат қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорликда тадбирларни амалга ошириш;
- Ташқи савдо фаолияти иштирокчилари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ва бошқалар.
Божхона қўмитасининг ҳисоблашича, Киото конвенциясига қўшилиш «Doing Business» ва транспорт ҳамда логистика хизматлари бўйича баҳоловчи индексларида (LPI) Ўзбекистон рейтингини оширишга хизмат қилади.
Маълумот учун, бугунги кунда Жаҳон божхона ташкилотига 183 та давлат аъзо. МДҲнинг 7 аъзоси – Арманистон (2013 йил), Беларусь (2011 йил), Озарбойжон (2006 йил), Россия (2011 йил), Тожикистон (2020 йил), Украина (2011 йил) ва Қозоғистон (2009 йил) Киото конвенциясига қўшилган.
Мавзуга оид
18:23 / 12.04.2026
Жисмоний шахсларнинг хориждан биофаол қўшимчалар олиб кириш тартибига ўзгартириш киритилди
15:30 / 14.11.2025
Божхоначилар қарийб 1 трлн сўмлик ноқонуний товар айланмасини тўхтатди
20:16 / 13.06.2025
Яна божхона: ўнлаб автомобиллар эгаларидан яширин тарзда Тожикистонда ғойиб бўлди
17:10 / 21.04.2025