Ўзбекистон | 19:36 / 05.12.2020
6424
3 дақиқада ўқилади

2021 йилда давлат ижтимоий ҳимоя учун ажратадиган маблағ миқдори маълум қилинди

Келаси йили ижтимоий нафақа олувчилар сони 1,2 млн нафарга етиши кутилмоқда.

2021 йил учун мўлжалланган давлат бюджетидан 10 трлн сўмдан зиёдроқ маблағ ижтимоий ҳимоя учун ажратилиши режалаштирилмоқда. Бунга нафақалар, кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бўлганларга ёрдам пули, уларнинг уй-жой коммунал тўловларини қоплаб бериш каби харажатлар киради. Бу жами бюджет харажатларининг қарийб 5 фоизини ташкил қилади.

Бу ҳақида парламент аъзолари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган “Замонавий дунё чақириқларига чидамли самарали ижтимоий ҳимоя тизими” давра суҳбатида маълум қилинди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, давра суҳбатида Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимнинг ҳозирги ҳолати, ютуқ ва камчиликлари хусусида сўз борди.

«2020 йилда давлат бюджети маблағларининг ярмидан кўпи – 52,4 фоизи ижтимоий харажатларга ажратилди. Хусусан, бундан 15,8 фоизи таълим, 13 фоизи соғлиқни сақлаш, 6 фоиздан кўпроғи фан, маданият ва спортга йўналтирилди.

Жорий йилда нафақалар, кам таъминларган оилалар учун моддий ёрдам ва компенсация харажатлари жами 8,5 трлн сўмни ташкил қилган. Бу йил бошида тасдиқланган параметрларга нисбатан 30 фоизга кўпроқдир», – деди давра суҳбатида иштирок этган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева.

Маълум қилинишича, парламентнинг иккита палатаси аъзолари республика бўйлаб ҳудудларда ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ муаммоларни ўрганиб чиқишган. Аниқланган жами 3000дан зиёд муаммоли масалани ҳал қилиш учун 28 трлн сўм маблағ талаб этилади. Уларни ҳал қилиш учун маблағ ажратиш 2021 йил ва ундан кейинги йилларда давлат бюджети ва инвестиция дастурларига киритилиши кўзланмоқда.

“Ҳозирда Олий Мажлис 2021 йил учун давлат бюджети тақсимотини кўриб чиқмоқда. Бунда 10 трлн сўмдан зиёд маблағ айнан ижтимоий ҳимояга ажратилиши режалаштирилган. Шунингдек, 2021 йилда ижтимоий нафақа олувчилар сони 1,2 млн нафарга етказилиши, яъни жорий йилгига нисбатан икки баравар оширилиши кутилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон бюджетини ижтимоий йўналтирилган бюджет деб айтиш мумкин”, – дея таъкидлади Сенат раиси.

Аввалроқ Ўзбекистонда энг камбағал уй хўжаликларининг 52 фоизи ижтимоий ҳимоянинг миллий тизими томонидан ҳеч қандай ёрдам билан қамраб олинмаслиги маълум қилинган эди.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид