Спорт | 14:38 / 05.12.2020
13795
10 дақиқада ўқилади

Лондон ва Туринда дерби, «Реал» учун жиддий синов. Ҳафтанинг марказий 4 ўйини анонси

Еврокубоклардаги ҳал қилувчи ўйинлар олдидан, миллий чемпионатларда ҳам бир қатор аҳамиятли ўйинлар бўлиб ўтади. Испанияда жануб ва марказнинг азалий тўқнашуви, Лондон ва Турин дербиси, Германияда пешқадамлар баҳси. Хуллас, бу сафар кучли тўртликнинг ҳар биридан биттадан марказий ўйин танладик.

СЕВИЛЬЯ – РЕАЛ Мадрид (5 декабрь, 20:15)

“Реал” охирги беш ўйинда атиги бир маротаба ғалаба қозонди, Ла Лигада сўнгги уч ўйинда ғалаба нималигини билмаяпти, Чемпионлар Лигасида кейинги босқич масаласи 6-турга, рақиб билан ўзаро учрашувга қолдирилди. Рамос кетмоқчи, Азар жароҳат олди, Зиданнинг истеъфоси ҳақида кўп гапирилмоқда. Анчадан буён Мадрид клуби бу қадар кўп негатив йиғилмаганди. Энг омадсиз паллаларда ҳам, “Реал” ўз ўйинини топса, қайтадигандек тасаввур уйғота оларди. Ҳозир эса айнан қандай ўзгаришлар ҳисобига жамоа яна енгилмас клубга айланишини айтиш қийин. Нурсиз давр эса, ҳатто ўтган мавсумнинг охиридан бошланган. “Реал” чемпионликка эришган бўлса-да, охирги турларни жуда ишончсиз ўтказганди.

Вазиятни ўнглаш учун ноқулай пайт. “Севилья” Испания чемпионатининг етакчи жамоалари бўлиши билан бирга ўз майдонида айнан “Реал” учун хавфли рақиб саналади. Ўтган мавсумда меҳмонлар ғалаба қозонган бўлсалар-да, ўша ўйингача қаторасига беш ўйин “Реал” Андалусияда ғалаба нималигини билмаганди. Бундан ташқари, Лопетеги шогирдлари жуда яхши серия ҳосил қилиб, қаторасига беш ўйинда ғалаба қозонишганди. Тўғри, ҳафта ўртасида Чемпионлар лигасида “Челси”дан йирик ҳисобда мағлубиятга учралди, аммо бу ўйин турнир нуқтайи назаридан аҳамиятсиз бўлгани учун андалуслар иккинчи таркиб билан ҳаракат қилгандилар. Дарвоқе, “Реал” ЕЧЛда асосий таркибни туширишга мажбур бўлгани ҳам мезбонларнинг имкониятини оширади, зеро футболчиларнинг жисмоний ҳолати “Севилья”да яхшироқ бўлиши табиий. Бу факторларнинг барчасига Лопатегининг ўз вақтида “Реал”дан истеъфога чиқарилганини эътиборга олсак, интрига янада ошади.

Аммо Зидан жамоасининг ижобий хусусиятларидан бири шундаки, айни бурчакка қисилган пайтда ўзининг энг яхши ўйинини намойиш қилади ва ҳаммаси йўқотилмаганини исботлайди. Эсингизда бўлса, “Эль-Класико”даги чиройли ғалабадан олдин ҳам бир қатор кутилмаган мағлубиятлар бўлганди.

Таркиблар борасида Азардан ташқари, Карвахаль ва Вальверде “Реал”га ёрдам бера олишмайди. Мезбонлар сафида эса, Эскудеро бир неча ҳафтага сафдан чиққан.

ЮВЕНТУС – ТОРИНО (5 декабрь, 22:00)

Сўнгги йиллардаги натижалардан фикр юритсак, “Торино” “Ювентус”га яқин келиши мумкин эмасдек. Масалан, охирги 18 ўйинда “Торино” атиги бир маротаба, беш йил олдин ғалаба қозониб, икки маротаба дурангга эришган холос. Аммо учрашувнинг дерби мақоми доимий равишда ўйинларнинг курашга бой бўлишини таъминлайди. Бунинг устига, “Ювентус” бу мавсумда у қадар ишончли кўринмаяпти. Пирло шогирдлари А Серияда мағлубият нималигини билмаётган икки жамоадан бири бўлса-да, дуранглар ҳаддан ташқари кўп. Топ рақиблар эмас, “Беневенто”, “Кротоне” ҳамда “Верона” каби жамоаларнинг “Ювентус”дан очко олишни уддалашгани “Торино”га ҳам умид беради.

“Беневенто”га қарши ўйинда “Ювентус”нинг ягона голини урган Альваро Мората майдондан четлатилган ҳам эди. Демак дисквалификация туфайли у меҳмонларга ёрдам бера олмайди. Аммо Криштиану Роналду жуда яхши формага кириб олганини таъкидлаш керак. У жамоа таркибидаги охирги 11 учрашувнинг 10тасида майдонни голсиз тарк этмади. Ўша гол ура олмаган ўйинда ҳам у шеригининг голига ҳаммуаллифлик қилганди. Моратадан ташқари, марказий ҳимоячилар Кьеллини ва Демирелга ҳам ҳали майдонга қайтишга эрта.

“Торино” таркибида ҳам ўз голеадори бор – Андреа Белотти. “Торино” ҳозирда хавфли зонада бўлса-да, урган голлари бўйича “Ювентус”дан атиги 2тага кам ва лигада 8-ўринда. Бу ҳолатда Белотти ва унинг 7 голининг роли беқиёс. Италиялик ҳужумчи ниҳоят уч йил олдинги спорт формасига қайтаётган кўринади. Жампаоло жамоасига Базелли, Мурру ва Верди каби етакчи футболчилар жароҳатлар туфайли ёрдам бера олишмайди.

БАВАРИЯ – ЛЕЙПЦИГ (5 декабрь, 22:30)

Бундеслигада одатда “Бавария” ва Дортмунд қарама-қаршилиги ҳақида кўп айтилса-да, ўзаро ўйинларда, умуман услуб ва ноқулайлик жиҳатидан айнан “Лейпциг” пешқадамга муносиброқ деб бемалол айтиш мумкин. Сабаби, Нагельсман жамоаси таркибда юлдузлар йўқ бўлса-да, ташаббускор ўйинни ёқтиради, жамоавий ўйин, тўп назорати “Боруссия”га нисбатан тартиблироқ йўлга қўйилган. Бу майдонда ҳам, ўзаро ўйинларда ҳам исботини топиб келяпти. “Лейпциг” катта футболга кириб келгач, ўтказилган 10 учрашувнинг ярмида “Бавария” ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқа олмаган. Сўнгги тўрт ўйиннинг учтасида ҳам томонлар дурангга рози бўлишган. Эътиборлиси, бу учрашувларда “Лейпциг” ҳам позицион ўйнашни уддалаган.

Турнир жадвалида ҳам бу икки жамоа ҳозирда пешқадамлик қилмоқда. “Бавария” 9 ўйиндан 22 очко тўплаб, биринчи, “Лейпциг” 20 очко билан иккинчи ўринда боряпти. Демак, меҳмонлар ғалаба қозонишса, яккапешқадам бўлиб олиши ҳам мумкин.

Мюнхенликлар фақат Жошуа Киммих хизматидан фойдалана олишмайди. “Лейпциг” сафида деярли барча етакчи футболчилар ўз ўрнида. Ҳар ҳолда Хенрихс, Кампл, ҳамда Лаймерларнинг ўрнини босиш мумкин бўлган ресурс Нагельсманда мавжуд.

Бошқа тарафдан, келаси ҳафтадаги ЕЧЛ ўйинларини инобатга олсак, мезбонларда устунлик бор. Чунки мюнхенликлар еврокубокдаги масалани ҳал қилиб бўлишган. “Лейпциг” эса “Манчестер Юнайтед”га қарши ўта аҳамиятли, финалга тенг баҳсда майдонга тушади. “Бавария”да айнан Бундеслигага бор кучини ташлаш имконияти бор, Нагельсман эса хаёлининг бир бурчагида сешанба оқшомини ҳам ҳисобга олиши табиий.

ТОТТЕНҲЭМ – АРСЕНАЛ (6 декабрь, 21:30)

Бир пайтлар Почеттино “Тоттенҳэм”и АПЛда энг кўп прессинг қиладиган жамоа бўлганди. “Арсенал”да эса азалдан позицион ҳужумлар ва тўп назорати қадрият даражасига етган. Аммо қизиғи, бугунги “Тоттенҳэм” ва “Арсенал”ни фақат либоси ўзига ўхшатиб турибди холос – Моуриньо аллақачон “Тоттенҳэм”ни ўзиники қилиб олди, Артетанинг “Арсенал”и эса ҳимоявий жамоага айланиб қолди. “Тўпчилар”нинг АПЛда фақатгина уч аутсайдердан кўпроқ гол ургани ақлга сиғмайдиган ҳол.

Артетанинг ҳимояга асосланган услуби топ ўйинларда баъзида самара беряпти ва аллақачон икки соврин ҳам олиб келди. Айниқса, “Олд Траффорд”даги ўйинда мураббий рақибга нисбатан тактика танлашнинг олий даражасини намойиш қилганди. Аммо “Вулверҳэмптон” ва “Лестер” каби бу услубни аввалдан ўзлаштирган жамоаларга қарши қийинчиликлар юзага келяпти. Аслини олганда, худди шу муаммоларни “Тоттенҳэм” ҳам ҳис қилиши керакдек, лекин Сон ва Кейн жуфтлиги кўп ўйинларда Моуриньонинг жонига оро киряпти. Айтиш мумкинки, бу жуфтлик айни дамда Европадаги энг самарали тандемлардан бирига айланди. “Арсенал”да айнан мана шу фактор етишмаяпти. Ҳатто жамоани олдинга тортиши лозим бўлган Обамеянг ҳам, тажрибали Виллиан ҳам мавсум бошидаги спорт формасидан узоқ.

Хуллас, бу сафарги Лондон дербиси картина нуқтайи назаридан аввалгилардан фарқ қилади. “Тоттенҳэм” ҳам, “Арсенал” ҳам аввало хато қилмаслик ва рақибни бунга мажбур қилиш устида иш олиб боришларини кутиш мумкин. “Тоттенҳэм” турнир жадвалида пешқадам экани, “Арсенал” эса, аутсайдерлар сафида юргани мураббийларни бу ўйинга анча эҳтиёткор ёндошишга ундайдигандек. Аммо яна шуни айтиш мумкинки, бундай баҳсларда биргина тезкор гол рақиблардан бирини тактикани ўзгартиришга мажбур қилади. Жамоанинг одатланмаган услубга ўтиши эса, ўйинни очиқроқ, тартибсизроқ, яъни қизиқарлироқ ўтишини ҳам таъминлайди.

Ижрочиларга тўхталсак, меҳмонларнинг йўқотишлари жиддийроқ. Айниқса, Томас Парти айнан топ рақибларга қарши ўйинларда асосий планга чиқиб бораётганди. У ва Давид Луизнинг майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Никлас Пепе эса, “Лидс”га қарши ўйинда олган қизил карточкаси учун дисквалификацияни ўташда давом этяпти.

Дарвоқе, пайшанба оқшомида “Арсенал” Европа лигасини Лондонда ўтказди. “Тоттенҳэм” эса, Австрияга сафар қилишга мажбур бўлди. Бу меҳмонларга озгина бўлса-да, устунлик берадиган яна бир фактор.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

5 декабрь. Айнтрахт – БОРУССИЯ Д (19:30), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Фулҳэм (20:00), Вест Ҳэм – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (22:30), АТЛЕТИКО – Вальядолид (22:30), ИНТЕР – Болонья (6 декабрга ўтар кечаси, 00:45), ЧЕЛСИ – Лидс (6 декабрга ўтар кечаси, 01:00), Кедис – БАРСЕЛОНА (6 декабрга ўтар кечаси, 01:00), Монпелье – ПСЖ (6 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

6 декабрь. РОМА – Сассуоло (19:00), Кротоне – НАПОЛИ (22:00), ЛИВЕРПУЛЬ – Вулверҳэмптон (7 декабрга ўтар кечаси, 00:15), Сампдория – МИЛАН (7 декабрга ўтар кечаси, 00:45).

Мавзуга оид