Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олис қишлоқлардаги 5 миллионга яқин аҳоли давлат ижтимоий буюртмаси асосида ичимлик суви билан таъминланади
Президентнинг 2020 йил 25 сентябрдаги “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, марказлашган ичимлик суви таъминоти етиб бормаган қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича янги механизм жорий этилди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, 2021 йилдан бошлаб қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида локал ичимлик сув таъминоти тизимларини қуриш лойиҳалари давлат ижтимоий буюртмалари асосида амалга оширилади. Ушбу вазифа вазирлик зиммасига юклатилди.
Вазирлик ҳар йили аҳоли сони жами 15 мингдан кам бўлмаган, марказлашган ичимлик суви таъминоти етиб бормаган қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларига (ННТ) ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмаларини танлов асосида беради.
Танланган ННТ вазирлик томонидан ишлаб чиқилган техник топшириққа асосан лойиҳалаштириш, қурилиш ва қурилиши якунланган объектларни эксплуатация қилиш жараёнларини ташкил этади.
Давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳаларини молиялаштириш асосан бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу мақсадларда 2021 йилда вазирликка 14 миллиард сўм ажратилади. Кейинги йилларда ушбу мақсадлар учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва лойиҳалар сони вазирликнинг асослантирилган ҳисоб-китобларига кўра ошириб борилади.
Давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳалари доирасида қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилган объектларни бошқариш ва эксплуатациясини ташкил этиш, ичимлик суви тарифларини шакллантириш бўйича ҳам янги тизим жорий этилади.
Қурилиши якунланган локал ичимлик сув таъминоти тизими бошқариш ва фойдаланиш учун аҳолининг умумий мулки сифатида маҳалла фуқаролар йиғини тасарруфига ўтказилади. Қишлоқ аҳоли пунктида ичимлик суви таъминоти хизматини кўрсатадиган, қурилган ичимлик суви таъминоти тизимини бошқариш учун аҳоли томонидан нодавлат ташкилоти ташкил этилади.
Жорий этилаётган тизимда ичимлик суви таъминоти хизматлари учун нарх (тариф)лар аҳоли билан келишилган ҳолда белгиланади. Бунда, ичимлик сувни ишлаб чиқариш ва хонадонларга етказиш харажатлари, киритилган сармоя, амортизация ва бошқалар инобатга олинади.
Ушбу йўналишдаги ишлар республикадаги олис қишлоқларни хатловдан ўтказишдан бошланди. Жорий йил октябрь-ноябрь ойларида вазирлик мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ жойларга чиққан ҳолда маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда марказлашган ичимлик суви таъминоти етиб бормаган қишлоқ аҳоли пунктларини 25 параметрлар бўйича ўрганди. Хатлов ва ўрганишлар натижасида 114та шаҳар ва туманлардаги сув таъминоти, санитария ҳолатини яхшилашга муҳтож 1 минг 273 та қишлоқ аҳоли пунктлари рўйхати шакллантирилди. Мазкур қишлоқларда 5 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, улардан 35 фоизи ичимлик суви билан ташиб етказиб бериш орқали таъминланмоқда. 65 фоизи эса ичимлик сувини алтернатив манбалардан истеъмол қилмоқда (сой, качалка).
Давлат ижтимоий буюртмалари доирасида 2021 йилда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида пилот лойиҳа сифатида амалга оширилади, 2022 йилдан бошлаб эса республиканинг бошқа ҳудудларида лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда лойиҳаларда оқова сув хизматлари билан таъминлаш ҳам назарда тутилади. Кўзда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳудудларда Швейцария ҳамкорлигида қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш тажрибаси кенг қўлланилади.
Дастлаб, мазкур лойиҳаларни синов тариқасида амалга ошириш учун Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида сув таъминоти ва санитария ҳолатини яхшилашга муҳтож қишлоқлар рўйхатидан 2 тадан аҳоли пункти танлаб олинади. Ушбу мақсадларда илк бор Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мазкур вилоятларда қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тўғрисида танловни эълон қилди.
Жорий йил якунига қадар танлов якунланиб, 2021 йилдан бошлаб лойиҳалар доирасида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилади.
Мавзуга оид
23:06 / 24.04.2026
Саида Мирзиёева Тойлоқда аҳоли ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ўрганди
12:18 / 19.03.2026
30 мартдан бошлаб Тошкентда сув таъминотида узилишлар бўлади
18:00 / 19.01.2026
Тўрт фаслда ҳам сайёҳлар узилмайдиган қишлоқ: Эртошсойда бир кун
09:06 / 03.01.2026