Жаҳон | 22:01 / 07.12.2020
1845
2 дақиқада ўқилади

Пандемия сабабли Жаҳон иқтисодий форуми Швейцария ўрнига Сингапурда ўтказилади

Европадаги эпидемиологик вазият ЖИФ қатнашчиларининг саломатлигини ҳимоя қилишда барча чораларга риоя қилиниши эҳтимолини камайтирмоқда.

Фото: Xu Jinquan / Global Look Press

Жаҳон иқтисодий форуми 2021 йил 13-16 май кунлари Швейцарияда эмас, Сингапурда бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЖИФ кенгаши президенти Берге Брендега таяниб Reuters хабар берди.

Тадбир баҳорда Швейцарияда ўтказилиши режалаштирилганди, аммо Европадаги эпидемиологик вазият ЖИФ қатнашчиларининг саломатлигини ҳимоя қилишда барча чораларга риоя қилиниши эҳтимолини камайтирмоқда.

Бренденинг қайд этишича, Сингапур эпидемияни енга олган.

Форум одатда қиш фаслида ўтказиларди, аммо ташкилотчилар августда 2021 йилги тадбир пандемия сабабли кейинроқ ўтказилишини маълум қилишганди.

Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумига 1971 йилда асос солинган. Унда турли мамлакатлардан минглаб йирик тадбиркорлар ва давлат арбоблари қатнашади.

ЖИФ 2002 йилда илк марта Европадан ташқарида бўлиб ўтган — 11 сентябр воқеаларидан сўнг АҚШ билан бирдамлик рамзи сифатида форум Нью-Йоркка кўчирилган.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Сингапурда коронавирус юқтириш билан боғлиқ 58,2 мингта ҳолат қайд этилган, 29 киши вафот этган. Касалликнинг энг юқори чўққиси апрелда кузатилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид