Жаҳон | 18:18 / 07.12.2020
5024
2 дақиқада ўқилади

Европа етакчилари Эроннинг уранни бойитишга чоғланганини танқид қилишди

Фото: AFP

Кўҳна қитъанинг уч йирик давлати – Франция, Буюк Британия ва Германия Эрон парламенти ўзининг ядровий дастурини кенгайтириб, уранни бойитишга қайта киришгани ҳақидаги баёнотидан қаттиқ ташвишда эканликларини изҳор қилишди. Бу ҳақда Қатарнинг «Ал-Жазира» канали хабар бермоқда.

«Эрон дипломатик муносабатларни тикламоқчи бўлса, бундай қадамларни ташламаслиги керак», дейилган уч давлатнинг қўшма баёнотида.

Баёнотда айтилишича, «Эроннинг бу қарори 2015 йилда расмий Теҳрон ва дунёнинг етакчи давлатлари ўртасидаги келишувга зид. Расман «Ҳаракатларнинг кенг қамровли қўшма режаси» деб номланувчи битим энг яхши ва айни дамда Эроннинг ядровий дастурини кузатиб, чеклаб турувчи ягона йўлдир».

БМТнинг ядровий дастурлар кузатувчиси бўлган Халқаро атом энергияси агентлиги ўтган ой форс ҳукумати Натанздаги ерости лабораторияларда мураккаб центрфугаларни қайта ишга туширгани ҳақида хабар берганди.

«Эроннинг Натанздаги Ёқилғини бойитиш заводида мураккаб центрфугаларнинг қўшимча учта каскадини ишга туширмоқчи экани «Ҳаракатларнинг кенг қамровли қўшма режаси»га зид ва «ўта хавотирли» дейилган қўшма баёнотда.

Мавзуга оид